Қозоғистон Қирғизистон билан товар айланмасини 2 миллиард долларга етказмоқчи

Фото: None
NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Қирғизистон билан товар айланмасини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Қирғизистон Элчиси Дастан Дюшекеев билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Каzinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Музокаралар чоғида савдо ва сармоявий, транзит ва транспорт, шунингдек, сув-энергетика балансидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Алихан Смаилов икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилган 30 йил давомида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро англашув шаклланганини таъкидлади.

Ўзаро савдо масаласини муҳокама қилар экан, Бош вазир товар турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Савдо-иқтисод соҳасида эришилган асосий ютуқ ўзаро товар айланмасининг ошиши ва белгиланган 1 миллиард долларга етиши бўлди. Янги вазифа – товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш.

«Бизда савдо ҳажмини ошириш салоҳиятига эга 190 та маҳсулот бўйича таклифлар бор. «Қорасу-Ақтилек» назорат-ўтказиш пункти яқинида саноат савдо-логистика мажмуасини яратиш лойиҳасини амалга оширишни тезлаштиришимиз керак, – деди А. Смаилов.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҚР Вазирлар Кабинети раҳбари бу борадаги масалалар тизимли равишда ҳал этилаётганини таъкидлади.

Д. Дюшекеев, ўз навбатида, Қирғизистон томони Қозоғистондан тўғридан-тўғри сармоя жалб этишдан манфаатдор эканини айтди.

«Биз сармоявий ва савдо сиёсатини такомиллаштириш устида фаол ишлаяпмиз. Бизнес юритиш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қулай шароитлар яратилган», - деди Қирғизистоннинг Қозоғистондаги Элчиси.

Шунингдек, Д. Дюшекеев умумий манфаатлар учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклиф билан чиқди. Ушбу қарордан кўзланган мақсад – ташқи бозорлардаги беқарорлик шароитида озиқ-овқат хавфсизлиги хавфини камайтириш бўйича қўшма сиёсат ишлаб чиқиш.

Учрашув якунлари бўйича томонлар кўтарилган барча масалалар бўйича муросага келишга тайёр эканликларини билдирдилар.