Қозоғистон-Италия стратегик шериклиги барча йўналишларда жадал ривожланмоқда – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 20 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Астанада бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё – Италия” саммитида маълум қилди.
“Италия Қозоғистоннинг учта йирик савдо ҳамкорларидан биридир. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 20 миллиард долларни ташкил этди. Кейинги йилларда мамлакатимизга киритилган Италия сармояси ҳажми 7,6 миллиард доллардан ошди. Бизда Италия капитали иштирокида муваффақиятли фаолият юритаётган 270 га яқин компания Қозоғистоннинг нефть-газ саноати, муқобил энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон-Италия стратегик шериклик муносабатлари барча асосий кўрсаткичлар бўйича барқарор суръат кўрсатмоқда. Шу боис, ушбу ҳамкорлик доирасида янада катта ўсиш салоҳияти мавжуд.
“Фурсатдан фойдаланиб, Италия Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелони хонимга Қозоғистон ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдираман. Қозоғистон Италия билан икки томонлама кун тартиби доирасида ҳам, минтақавий форматда ҳам ўзаро манфаатли барча соҳаларда самарали ҳамкорликни давом эттиришни мақсад қилган”, – деди ҚР Президенти.