Қозоғистон Исроилнинг сув ресурсларини бошқариш усулларини ўрганади
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва “Исроил-Қозоғистон” Савдо-саноат палатаси раиси Михаэль Роэ Қозоғистонда агросаноат мажмуасини ривожлантириш ва сув ресурсларини бошқаришда Исроил тажрибасидан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар беради Кazinform ҚР Ҳукумати матбуот хизматига таяниб.
Йиғилишда суғориш самарадорлигини ошириш, сувни тежаш, томчилатиб суғоришнинг замонавий технологияларини жорий этиш, аграр фанни ривожлантириш, шунингдек, чорвачилик, сут етиштириш, паррандачиликда янги усулларни қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Алихан Смаилов Қозоғистон Республикаси Ҳукумати Исроил билан шериклик муносабатларини кенгайтириш ва кўп томонлама ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият беришини алоҳида таъкидлади.
“Биз агросаноат мажмуасини ривожлантиришга туртки бериш учун Исроил технологияларини ўрганишга ва уларни жалб қилишга тайёрмиз. Суғориш ва сувни тежаш масалалари ҳам жуда долзарб. Биз бу борадаги давлат маблағлари самарадорлигини ошириб, реал натижаларга эришмоқчимиз”, – деди ҚР Бош вазири.
Шу билан бирга, у ҳар бир даражани алоҳида кўриб чиқиш ва зарур тузатишларни киритиш учун бутун ишлаб чиқариш циклини кўриб чиқиш муҳимлигини айтди.
“Масалан, мамлакатимизда агрегатлар, машиналар ва бошқа асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш учун давлат томонидан қандай қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши, фан, таълим, ишлаб чиқариш соҳаларидан қандай кўмак керак бўлади. Буларнинг барчасини ҳар томонлама кўриб чиқиш керак. Биз бу соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, – деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида, Михаэль Роэ Қозоғистон ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун етарли салоҳиятга эга эканлигини ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришни ривожлантиришга комплекс ёндашув орқали жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади.
ҚР Президенти Мурожаатномасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида Исроил қишлоқ хўжалиги технологиялари ва сув ресурсларини бошқариш усулларини қўллашни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таклиф этди.
Учрашув якунларига кўра, яқин вақт ичида барча қайд этилган масалалар бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорликда ишларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Йиғилишда ҚР Ирригация ва сув ресурслари вазири Нуржан Нуржигитов ва ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров ҳам иштирок этди.