Қозоғистон Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали нефть ташиш ҳажмини оширади

Фото: Фото: ҚР Энергетика вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили билан учрашди. Грузия делегациясининг расмий ташрифи доирасида ўтказилган учрашувда энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ерлан Ақкенженов ҳамкасбини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг раҳбарлигида икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар янги суръатга эга бўлишига ишонч билдирди.

Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Вазирлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни иқтисодий барқарорлик таянчи ва минтақавий интеграциянинг муҳим омили сифатида қайд этдилар.

Мамлакатнинг бош энергетика расмийси Грузиянинг Қозоғистонга углеводород етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишдаги стратегик аҳамиятини таъкидлади.

— Биз Грузия транспорт инфратузилмаси ишончлилиги ва барқарорлигини юқори баҳолаймиз. 2024 йилда Боку-Тбилиси-Жайҳон нефть қувури орқали 1,4 миллион тонна маҳаллий нефть ташилди. Жорий йилда юк ташиш ҳажмини 1,5 миллион тоннага етказишни режалаштирганмиз, – деди Ерлан Ақкенженов.

Учрашувда Қозоғистон активларининг Грузиядаги жорий фаолияти ва уларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Батуми денгиз порти ва Батуми нефть терминалининг минтақавий логистикадаги аҳамияти муҳокама қилинди.

Суҳбатдошлар “яшил” энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларга ҳам эътибор қаратдилар. Томонлар Қозоғистон Озарбайжон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган Транскаспий йўлаги лойиҳасини ҳамда Грузиянинг Қора денгиз орқали юқори вольтли кабель ётқизиш лойиҳасини интеграциялаш имкониятларини муҳокама қилди. Улар Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган ягона энергетика артериясини яратишдан манфаатдорлигини билдирдилар.

Учрашув якунида томонлар энергия ташиш самарадорлигини ошириш ва минтақавий энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича фаол мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар. Иккала давлат ҳам узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка содиқлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Грузияга сайёҳлари энг кўп ташриф буюрадиган 10 та давлат қаторига кириши ҳақида хабар берган эдик.