Қозоғистон банкининг Тошкентдаги филиалидан 90 минг доллар ўғирланган
TASHKENT. Kazinform – Фирибгарлар “Қозоғистон Халқ банки” акциядорлик жамияти шоъба корхонаси “Tenge Bank”нинг Тошкент шаҳридаги филиалидан 90 минг АҚШ доллар ўғирлагани маълум бўлди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, пул ўғирлангани ҳақидаги ариза жорий йил июнь ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга келиб тушган. Тергов жараёнида аниқланишича, жиноятчилар POS-терминалга сохта маълумот киритган, сўнг банкка бориб, 90 минг долларни нақдлаштиришга муваффақ бўлган.
ИИВ ходимлари ўғирликда гумон қилинаётган 9 нафар шахсни қўлга олди. Улардан бири бу фирибгарлик схемасини Telegram каналлари орқали ўрганганини ва уни амалга ошириш учун банк ходими билан келишиб, дастурни такомиллаштирганини тан олган.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, гумонланувчилардан 12 та мобил телефон, бир дона POS-терминал ва 36,5 минг доллар нақд пул олиб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда фаолият юритаётган Tenge Bank — «Қозоғистон Халқ банки» акциядорлик жамиятининг 100% шўъба корхонасидир. У ўз фаолиятини 2019 йилда Тошкентда бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Марказий банки фирибгарлар томонидан ўғирланган 9,5 миллиард сўмни (тахминан 732 минг доллар) блокировка қилган эди.