Қозоғистон 874 млн куб метр сувни қандай тежади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш жадаллашди. 2025 йил якунларига кўра, бундай тизимлар 543,5 минг гектар майдонни қамраб олиб, 874 миллион куб метр сувни тежаш имконини берди. Бу ҳақда ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги маълум қилди.

Фото: Су ресурстары және ирригация министрлігі

Вазирлик маълумотларига кўра, сувни тежашнинг асосий захираси қишлоқ хўжалигида жамланган. Ушбу соҳа умумий сув истеъмолининг қарийб 60 фоизини ташкил этади. Замонавий суғориш тизимларига ўтишни жадаллаштириш мақсадида сув етказиб бериш харажатларини субсидиялаш ва сув тежовчи технологияларга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаш вазифалари Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ваколатига бирлаштирилди.

2024 йилда бундай технологиялар қўшимча 153 минг гектар майдонга жорий этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич яна 154 минг гектарга ошди. Ўртача йиллик ўсиш аввалги 30-35 минг гектар кўрсаткичга нисбатан қарийб 150 минг гектарга етди.

Фото: Су ресурстары және ирригация министрлігі

 

2025 йил якунларига кўра, сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган қишлоқ хўжалиги ерларининг умумий майдони 543,5 минг гектарга етди. Бу тахминан 874 миллион куб метр сувни тежаш имконини берди. 2030 йилга бориб, ушбу кўрсаткични 1,3 миллион гектарга, тежаладиган сув ҳажмини эса қарийб 2,2 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилмоқда.

2026-2028 йилларда сув тежовчи технологияларни молиялаштириш ҳажми 2023-2025 йиллардаги 55,5 миллиард тенгега нисбатан тўрт баравар оширилиб, 228 миллиард тенгегача етказилади.

“Фермерларнинг харажатларини қоплаш миқдори 80 фоизгача оширилди. Бу замонавий суғориш тизимларидан кенг фойдаланиш ва сув сарфини янада камайтириш имконини беради”, — дейилади хабарда.

Сувдан ноқонуний фойдаланишга қарши кураш доирасида Бош прокуратура билан ҳамкорликда сувнинг «қора бозори»ни йўқ қилиш бўйича йўл харитаси амалга оширилмоқда. Унда сув ресурсларини аудитдан ўтказиш, хавфли ҳудудларни аниқлаш, сув хўжалиги инфратузилмасига ажратилган маблағларни текшириш ва коррупцияга қарши чоралар кўриш назарда тутилган.