Қозоғистон 2026 йилда Марказий Осиёдаги йирик саноат марказини ишга туширади
ASTANA. Kazinform — "Марказий Осиё" Халқаро саноат ҳамкорлиги марказининг қурилиши «Атамекен» ва «Гулистон» назорат-ўтказиш пунктлари яқинида якунланмоқда. "Турон" махсус иқтисодий зонасининг кичик зонаси деб белгиланган лойиҳа Ўзбекистон билан қўшма ишлаб чиқариш ва савдо учун асосий платформага айланади, деб хабар беради Кazinform мухбири.
ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев Ҳукумат йиғилишида таъкидлаганидек, халқаро марказ қурилиши икки босқичда амалга оширилмоқда.
— Биринчи босқичда 100 гектарлик ҳудудда зона ташкил этиш ишлари якунланди. Саккизта саноат биноси қурилди. Ички йўлларни такомиллаштириш, ташқи коммунал тармоқларни ўрнатиш ва кириш йўлларини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда, — деди Шаққалиев.
Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичдаги барча ишлар шу йил охирига қадар якунланади.
Иккинчи босқичда ПВХ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, томчилатиб суғориш тизимлари ва пахта, гуруч, ғалла ва мойли экинларни қайта ишлаш бўйича еттита инвестиция лойиҳаси аниқланди. Бундан ташқари, Марказ ҳудудида саноат парки қуриш режалаштирилган.
— Умумий инвестиция ҳажми 185,1 миллиард тенгени ташкил этади. 1150 та иш ўрни яратилади, — деб таъкидлади вазир.
Унинг қўшимча қилишича, лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди ва кейинги беш йил ичида ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон қандай қилиб рақамли хабга айланаётгани ҳақида хабар берган эдик.