Когурё даврига оид тилла муҳр рекорд нархга сотилди
ASTANA. Kazinform – Гонконгда бўлиб ўтган кимошди савдосида қадимги Когурё қироллигига оид тилла муҳр 1,39 миллион долларга сотилди. Бу нарх дастлабки баҳодан тўққиз баравар юқори бўлиб, тарихий артефактлар орасида рекорд ҳисобланмоқда, деб ёзади UzA.
Муҳрнинг баландлиги 2,8 см, оғирлиги эса 88 грамм бўлиб, учи от шаклида ишланган. Маълумотларга кўра, бу муҳр Хитойнинг Цзинь сулоласи томонидан Когурё қироллигига дипломатик совға сифатида берилган бўлиши мумкин.
Бу муҳр Когурё билан боғлиқ бўлган биринчи машҳур муҳр сифатида тарихий аҳамиятга эга. Агар у ҳақиқий бўлса, у Корея ва Хитой ўртасидаги қадимги муносабатлар ҳақида муҳим маълумотлар бериши мумкин.
Корея тарихшунослари муҳр устида чуқур илмий изланишлар олиб борилиши тарафдори. Аммо муҳр корейс бўлмаган хусусий коллекционер қўлига тушгани сабабли бу имконият бой берилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Титаник»да ҳалок бўлган миллионернинг олтин соати рекорд нархда сотилганини ёзган эдик.