Кобулдаги терактда Толибон вазири ҳалок бўлди
14:52, 12 Декабрь 2024
ASTANA. Kazinform – Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг қочқинлар ишлари бўйича вазири Халил ур-Раҳмон Ҳаққоний Кобулдаги масжид олдидаги терактда ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, худкуш Ҳаққоний ҳужжатлар имзолаётган пайтда ўзини портлатган. Толибон вакили билан бирга яна 6 киши ҳалок бўлган.
“Афғонистоннинг қочқинлар ишлари бўйича вазири Халил ур-Раҳмон Ҳаққонийнинг худкушлик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот тасдиқланди”, – дейилади хабарда.
Ҳаққоний Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери портлашда ҳалок бўлган энг юқори мартабали амалдор эди. 2021 йил сентябрь ойида у Афғонистоннинг қочқинлар ишлари бўйича вазири этиб тайинланди.