Клублар ўртасидаги ЖЧ: «Флуминенсе» ва «Челси» ярим финалга йўл олишди

Фото: Фото: championat.com

ASTANA. Kazinform – Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олган икки жамоа аниқланди.

Дастлаб Бразилиянинг «Флуминенсе» ва “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони) жамоалари майдонга тушишди.

Турнирнинг 1/8 финалида Англиянинг “Манчестер Сити” клубини мағлуб этган “Ал-Ҳилол” бу сафар рақиби билан тенг ўйин кўрсатди. Дастлаб Бразилия клуби сафида 40-дақиқада Мартинелли ҳисобни очган бўлса, 51-дақиқада Маркос Леонардо ҳисобни тенглаштирди.

70-дақиқада эса Эркулес Перейра ду Насиментунинг голи Бразилия клубига ғалаба келтирди. Шу тариқа, «Флуминенсе» рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Яна бир учрашувда «Палмейрас» (Бразилия) ва “Челси” (Англия) ўз маҳоратини намойиш этди. Ўйин давомида инглиз клуби аъзоси Коул Палмер 16-дақиқада ўзининг мерганлик маҳоратини намойиш этган бўлса, «Палмейрас»дан Эстевао гол билан жавоб қайтарди.

83-дақиқада Бразилия клубидан Вевертон томонидан киритилган автогол ўйин тақдирини ҳал қилди. Натижада “Челси” рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.

Энди 8 июль куни 1/2 финалда «Флуминенсе» ва «Челси» ўйнайди.

Бугун, 5 июль куни чорак финалда “ПСЖ” (Франция) ва “Бавария” (Германия) 21:00да, “Реал Мадрид” (Испания) ва «Боруссия Дортмунд» (Германия) эса 00:50да тўқнаш келишади.

Жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу турнирда ғолиб чиққан жамоа 125 миллион доллар олади. Қолган маблағлар 31 иштирокчи клуб ўртасида ўз позицияларига қараб тақсимланади. Чемпионатда 32 жамоа кураш олиб боради.