Қизилўрдадаги хорижлик сайёҳларга QR кодли туристик карталар тарқатилди

Фото: Фото: Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

QYZYLORDA. Kazinform – Қизилўрда вилояти полиция департаменти миграция хизмати бошқармаси вилоятга ташриф буюрган хорижлик фуқароларга «Safetravel.kz» мобиль сайти имкониятлари билан таништирмоқда. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур веб-сайт Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан мамлакатда чет эллик сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг бутун Қозоғистон ҳудудида эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган.

“Департаментнинг миграция хизмати бошқармаси томонидан вилоятга ташриф буюрган хорижлик фуқароларга QR кодли туристик карталар тарқатилмоқда. Унда сайёҳлар учун зарур бўлган барча муҳим маълумотлар – фавқулодда алоқалар, хавфсизлик қоидалари ва давлат хизматларини олиш усуллари мавжуд. “Фуқаролар учун ҳукумат” давлат корпорацияси билан биргаликда хизмат кўрсатиш жараёнида давлат хизматлари марказларида чет эл фуқароларига туристик карталар тарқатилади ва веб-сайт билан ишлаш тартиби тушунтирилади”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қайд этилган марказларда Safetravel.kz веб-сайтига кириш бўйича кўрсатмаларга эга QR кодли стендлар ўрнатилган.