Қизилўрда вилоятининг бюджети 851 миллиард тенгедан ошди

Фото: Фото: Марказий коммуникациялар хизмати

ASTANА. Кazinform — Қизилўрда вилояти ҳокими Нурлибек Налибаев ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бориши ҳақида ҳисобот берди ва бюджет маблағлари қандай тежалганлиги ҳақида сўзлади.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 11 ойи натижаларига кўра, барча асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши кузатилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3 триллион 100 миллиард тенгени ташкил этади.

— Йил охирига бориб биз 3 триллион 700 миллиард тенгега етамиз ва 6,5% ўсишни таъминлаймиз. Вилоятимиз бюджети 851 миллиард 300 миллион тенгени ташкил этди, бу 2021 йилдан бери 246% га ўсишдир. Унинг 56 фоизи ёки 477,6 миллиард тенге ижтимоий соҳага йўналтирилди, — деди Нурлибек Налибаев пойтахтдаги Марказий коммуникациялар хизматида.

Вилоятда 2021 йилда 47 миллиард тенге бўлган ривожланиш бюджети ҳажми бу йил 4,4 бараварга ошиб, 207 миллиард тенгега етди.

Шу билан бирга, 2022 йилдан бери бюджет маблағларини оптималлаштириш мақсадида ижтимоий соҳани чуқур таҳлил қилиш амалга оширилди.

— Натижада 108 миллиард тенге тежалди. Шундан таълим соҳасидан 64 миллиард 300 миллион тенге, маданият ва спорт соҳасидан 15 миллиард 400 миллион тенге ва ижтимоий ҳимоя соҳасидан 8 миллиард 200 миллион тенге маблағнинг кераксиз сарфланишининг олди олинди, — дея қўшимча қилди вилоят ҳокими.

Бундан ташқари, ижтимоий объектлар қурилишида 20 миллиард 100 миллион тенге тежаш чоралари кўрилди. Ушбу маблағлар ҳудуднинг энг долзарб муаммоларини ҳал қилиш ва янги инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павлодар вилояти ҳокими ҳисобот бергани ҳақида хабар берган эдик.