Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: мева-сабзавот консерваларининг 90 фоиздан ортиғи четдан келтирилади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган мева-сабзавот консерваларининг 90 фоиздан ортиғи хориждан келтирилади. Бу Kazinform агентлигининг расмий сўровига Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий жавобида айтилган.
“2024 йилда консерваланган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш 29 минг тоннани ташкил этди. Шу билан бирга, импорт улуши сезиларли даражада юқори - 198 минг тонна. Бу умумий истеъмолнинг 90 фоизидан ошади. Импорт қилинадиган маҳсулотлар улушининг юқори бўлишига сабаб маҳаллий мева-сабзавот хом ашёси етказиб беришнинг мавсумийлиги ҳамда ишлаб чиқарилаётган консерва ва шарбатларнинг қимматлигидир”, – дейилади жавобда.
Вазирлик мамлакатда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди.
“Мева-сабзавот хом ашёси ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида мамлакатимизда боғдорчиликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Масалан, боғлар барпо этиш учун инвестиция субсидиялари берилади. Бундан ташқари, мавсумий қарамлик масаласини ҳал этиш мақсадида мева-сабзавот омборлари қуриш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ва инвестиция субсидиялари дастурлари ажратилди”, - дейилади хабарда.