Қирғизистонда кексалар сони кўпайиб, ижтимоий тизимга юк ортиб бормоқда

Фото: Фото: Кабар

ASTANА. Кazinform — 2025 йил бошидаги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 65 ёшдан ошганлар улуши 6 фоизга етди (440 минг киши). Бу ҳақда Кабар агентлиги хабар берди.

2024 йил бошида бу кўрсаткич 5,7 фоизни (407,9 минг киши) ташкил қилган. Миллий статистика қўмитаси вакиллари 1950-1960-йилларда туғилганларнинг кўпчилиги пенсия ёшига етгани, меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар сонининг йил сайин ортиб бораётгани ўсишга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

БМТ таснифига кўра, агар 65 ёшдан ошган одамларнинг улуши 4 фоиздан кам бўлса, аҳоли "ёш" ҳисобланади. Агар у 4 фоиздан 7 фоизгача бўлса, мамлакат "қариш арафасида" ҳисобланади. БМТ прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Қирғизистонда кексалар улуши 7 фоизга яқинлашади.

2025 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда пенсионерларнинг умумий сони 813 минг 538 нафарни ташкил этди, улардан 642 минг 959 нафари ёшга оид пенсия олади.

Меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва миграция вазирлигининг ногиронлар ва кексалар масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Назгул Чолумова қонунга кўра, аёллар 58 ёшдан, эркаклар эса 63 ёшдан кекса деб ҳисобланишини эслатиб ўтди.

— Бугунги кунда 7 миллиондан ортиқ аҳолининг 400 мингдан ортиғини 65 ёшдан ошганлар ташкил этади. БМТ стандартларига кўра, кекса фуқаролар ушбу тоифага киради. Лекин қонунимизда аёллар 58 ёшдан, эркаклар 63 ёшдан кекса деб ҳисобланади. Бироқ, бу ёшдаги кўплаб одамлар ишлашга қодир. Айни пайтда Ижтимоий жамғарма орқали 769 минг нафар, Меҳнат вазирлиги орқали эса икки мингга яқин фуқаро ижтимоий нафақа олади, — деди у.

2019 йилдан бошлаб кекса фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш режаси амалга оширилмоқда. 2023 йилда “Қулай мамлакат” дастури қабул қилинди. У ногиронлар, кексалар ва ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган.

Меҳнат вазирлиги вакили мамлакатда турмуш даражаси ошганини таъкидлади: эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 66 ёшни, аёлларники эса 74 ёшни ташкил этади (таққослаш учун: Японияда – 84-86 ёш).

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб Қирғизистон “қариган давлатлар” гуруҳига киритилади, бу эса ижтимоий, тиббиёт ва бошқа соҳаларга юкнинг ошишига олиб келади. Аллақачон мамлакатда ижтимоий ходимларнинг етишмаслиги ва махсус уйлар сонининг кўпайиши кузатилмоқда.

Чолумова кексалар учун марказларни ривожлантириш, фаол ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги, ҳар бир фуқаро ўз соғлиғи ва молиявий мустақиллиги учун масъулият билан ёндашиши, қариганда оиласи ва давлатига оғир бўлмаслиги зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 100 ёшдан ошган қариялар сони қанча экани хабар қилинган эди.