Қирғизистонда инфляция ва қашшоқлик ортиши кутилмоқда
Тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, инфляция 2022 йилда 15 фоизни ташкил этади ва кейин ўртача даражага тушади, бюджет тақчиллиги ошади, лекин ўрта муддатли истиқболда у ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан кам бўлади. Жаҳон банкининг кузги ҳисоботида қайд этилишича , мамлакат иқтисодиёти ҳали ҳам олтин ишлаб чиқариш (ЯИМнинг 10 фоизи ва экспортнинг 35 фоизи), пул ўтказмалари (ЯИМнинг 25 фоизи) ва хорижий ёрдамга катта боғлиқдир.
CОVID-19 пандемияси Қирғизистон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатди, ялпи ички маҳсулот 8,4 фоизга қисқарди ва қашшоқлик 2019 йилдаги 11,7 фоиздан 2020 йилда 18,7 фоизга кўтарилди. Жаҳон банки прогнозларига кўра, кунига 3,65 долларга яшайдиган аҳоли улуши 2021 йилдаги 21,8 фоиздан 2022 йилда 25,5 фоизгача ўсади.
Қашшоқлик даражасининг ошишига, биринчи навбатда, озиқ-овқат нархларининг юқорилиги, аҳолининг реал даромадларининг пасайиши ва бандлик имкониятларининг чекланганлиги сабаб бўлмоқда. Мамлакат ҳукумати томонидан пенсияларни ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурлари қамровини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юқори инфляция ва меҳнат даромадларининг йўқолиши натижасида юзага келадиган салбий таъсирларни юмшатишга ёрдам беради.
Муаллиф: Гулмира Абдрахманова