KAZINFORM ФОТОХРОНИКАСИ: Астанада Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган кўргазма очилди
ASTANA. Kazinform – “Kazinform” халқаро ахборот агентлиги ва «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси” акциядорлик жамияти томонидан Қозоғистон пойтахтидаги «Нурли жол» вокзалида Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган фотокўргазма намойиш этилди.
“Авваламбор, сизларни 7 май – Ватан ҳимоячилари куни ва 9 май – Ғалаба куни билан табриклайман! Бугунги тадбирни ташкил этишдаги иштироки учун «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси раҳбарларига катта раҳмат. Расмлар гапирсин. Kazinform 105 йиллик тарихга эга ва шу вақт ичида унинг миллионлаб фото жамғармаси, жумладан, уруш мавзусига бағишланган минглаб фотосуратлар мавжуд. Биз ўша тарихий суратлардан 80 та фотосуратни танладик, уларнинг кўпчилиги ҳали архивда эълон қилинмаган. Вокзал йўловчилари ва шаҳар меҳмонлари баҳраманд бўлсин, деган мақсадда ташкил этмоқдамиз”, – деди кўргазманинг очилиш маросимида ҚР Президенти Телерадиокомплекси директорининг ишлаб чиқариш масалалари бўйича ўринбосари Асқар Жалдинов.
Айтиш жоизки, уруш йилларида 1,2 миллиондан ортиқ қозоғистонликлар фронтга кетган. Уларнинг деярли ярми – 600 мингдан ортиғи ўз ватанига қайтмади. Ғалаба сари йўл нафақат фронтда, балки фронт ортида ҳам очилди. Урушда отилган ўн ўқдан тўққизтаси Қозоғистон заводларида ишланди, 1500 вагон кийим-кечак ва озиқ-овқат мамлакатдан ташқарига жўнатилди. Енгил саноат корхоналари 2 миллион аскар ва офицерни кийим-кечак билан таъминлади. Яраланган аскарлар 78 касалхонада даволанди. Қозоғистонликлар мудофаа жамғармасига 4 миллион рублдан ортиқ маблағ тўплашди. 1945 йилда талабалар маблағлари ҳисобидан тузилган танк колоннаси Берлинга ҳужумда қатнашди.
Кўргазмада “Kazinform” фотомухбирлари томонидан уруш йилларида олинган 80 та ноёб фотосуратлар ўрин олган. Улар тўртта мавзуга бирлаштирилган: “Иккинчи жаҳон уруши – 1939-1945 йиллар”, “Панфилов қаҳрамонлари”, “Фронт ортидаги аёллар меҳнати” ва “Темир йўл. Уруш йиллари, урушгача ва урушдан кейинги давр”. Афсуски, ўша даврдаги кўплаб фотосуратларнинг муаллифлари номаълумлигича қолмоқда. Аниқланган муаллифлар орасида В. Гребнев, Ю. Редкин, Г. Галкин бор. Муаллифларнинг исмларини тиклаш ишлари давом этмоқда.
“Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда ва қўшни мамлакатларда кўплаб тадбирлар ташкил этилаётган бўлса-да, бугунги тарихий фотосуратлар кўргазмаси алоҳида ўрин тутади. Зеро, Ғалабанинг 80 йиллик тарихини ёдга олсак, навқирон авлод суратларни кўриб, тарих жонланиши аниқ. Қонли уруш нафақат жанг майдонида, балки фронт ортида ҳам олиб борилди. Ота-боболаримиз нафақат қурол билан жанг қилган, балки фотомухбирлар ҳам ўша қонли жанг майдонида юриб, бугунги авлод учун ўша урушни тасаввур қилиш имконини берди. Собиқ ҚазТАГ, ҳозир Kazinform агентлигининг 105 йиллик тарихидан суратлар бугун қайта тикланмоқда. Бугунги авлоднинг ўз аждодларига бўлган ҳурмати ана шу кўргазма орқали яққол намоён бўлмоқда”, – дейди Сенат депутати Бибигул Жексенбай.
Фотосуратлар қаҳрамонлари – аскарлар, ишчилар, шифокорлар, олимлар Ғалаба руҳи, Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини ўзида мужассам этган.
“Кўргазмада “Kazinform” халқаро ахборот агентлигининг шахсий архивидан илгари эълон қилинмаган фотосуратлар ўрин олган. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз қаҳрамонликлари билан ном қозонган, фронтда меҳнат қилган юртдошларимиз, жумладан, аждодларимизнинг тарихий онларини акс эттирувчи образлар танлаб олинди. Бундан ташқари, Қозоғистон темир йўл тармоғининг ривожланиш тарихини акс эттирувчи архив фотосуратлари омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Агентлик архивида мамлакатимизнинг барча жабҳаларига оид бой архив фотосуратлари мавжуд бўлиб, улардан Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб 80 та суратни танлаб олдик. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг барча аэропортлари ва вокзалларида LED экранларда архив фотосуратларини видео форматда томоша қилиш имконияти мавжуд”, – дейди “Kazinform” Халқаро ахборот агентлиги бошқарувчи директор ўринбосари, қозоқ таҳририяти бош муҳаррири Нағашибек Алдан.
Улар орасида икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони, афсонавий учувчи Талғат Бигелдинов, машҳур мерган Алия Молдағулова, жасур пулемётчи Маншук Маметова, матонатли генерал-майор Иван Панфилов, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бауиржан Момишули ва бошқалар бор. Уларнинг жасоратлари халқимизнинг букилмас иродаси ва руҳи рамзидир.
«Қазақстан темір жолы» миллий компанияси уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ғалабанинг 80 йиллиги барчамиз учун муҳим санадир. Ғалабага темирйўлчилар катта ҳисса қўшдилар. Бу биз учун алоҳида байрам. Биз Kazinform агентлиги лойиҳасида катта қизиқиш билан иштирок этдик. Биз ҳам йўловчилар қатори ёш авлод тарихни чуқурроқ ўрганиши учун бундай лойиҳаларни доимо қўллаб-қувватлаймиз. Умуман олганда, одамлар кўриб, эслаб қолишлари учун вокзал ҳудудида тез-тез тематик кўргазмалар ўтказиб турамиз”, – дейди «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Талғат Алдабергенов.
Кўргазманинг очилишида ҚР Пароаменти Сенати ва Мажилис депутатлари, фахрийлар ташкилотлари вакиллари, «Қазақстан темір жолы» миллий компаниясининг фахрий ходимлари иштирок этди.
Тадбир меҳмонлари кўргазманинг расмий очилиш маросимидан сўнг вокзал олдига ҳам кўчат ўтқазишди. Пойтахтнинг «Нурли жол» вокзалидаги фотокўргазма жорий йилнинг 31 июлига қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Kazinform агентлигининг Ғалаба кунига бағишланган махсус лойиҳаси мавжуд. Бу Қозоғистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги қаҳрамонликларига оид рақамли ёдгорликдир. Мақсад – тинч келажак учун жасорат кўрсатган қаҳрамонларни хотирлаш.