Кая Каллас АҚШдан Украинага ёрдам юкини бўлишишни сўради

Фото: Фото: European Union / Wikimedia

ASTANA. Kazinform – Европа Иттифоқи АҚШдан Украинага кўрсатилаётган ёрдам борасида масъулиятни бўлишишни талаб қилди, деб хабар берди DW.

“Биз президент Трампнинг Украинага катта миқдорда қурол етказиб бериш ҳақидаги баёнотини олқишлаймиз, бироқ АҚШ бу юкни биз билан бирга кўтаришини истаймиз”, – деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича бош комиссари Кая Каллас Брюсселда ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувидан сўнг.

“Агар сиз қурол етказиб беришга ваъда берсангиз, лекин уни бошқа биров тўлайди деб ҳисобласангиз, бу аслида қурол бердингиз дегани эмас”, – деб келтиради AFP агентлиги Калласнинг Дональд Трампга йўллаган сўзларини.

АҚШ президенти бундан аввал Европа давлатлари билан ҳамкорликда Украинага Patriot зенит-ракета мажмуалари, катта ҳажмда қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб беришга ваъда берган эди. Бироқ бу миллиардлаб долларлик қуролларни Европа НАТО давлатлари сотиб олиши кераклиги Трамп ва НАТО бош котиби Марк Рютте таклиф қилган келишувда таъкидланган.