Қасим-Жомарт Тоқаев ватандошларини Қозоғистон халқининг бирлиги куни билан табриклади

Фото: Фото: Акорда

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқининг бирлиги байрами билан табриклаб, барчага фаровонлик тилади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳурматли ватандошлар!  

 Қозоғистон халқининг бирлиги куни муборак бўлсин!

Бу давлатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга байрамдир. Халқимиз умумий қадриятларга асосланган бунёдкорлик мақсадларига эришиш йўлида бор куч-ғайратини сарфлаб, эртанги кунга ишонч билан олға интилмоқда.

Бепоён диёримизда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб келмоқда.

Бу йил Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилганига 30 йил тўлди.

Бу ноёб ташкилот илк кунларданоқ юртимиздаги тинчлик ва тотувлик тимсолига айланди. Ассамблея фуқароларимизнинг ўзаро ҳурмати ва ҳамжиҳатлиги асосида миллий бирликка салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, муштарак иродаси туфайли давлатимиз ривожланиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бундан буён ҳам муваффақиятли амалга ошаверади.

Мамлакатимиз тенглик, ўзаро ишонч, маданий хилма-хиллик бунёдкорлик салоҳиятига таянган ҳолда миллий бирликни янада мустаҳкамлайди.

Халқ бўлиб бирлаша олсак, ҳар қандай қийинчиликни енгиб, юксак марраларга эриша оламиз.

Биз биргаликда халқимиз орзуси ва меросини – адолатли ва кучли Қозоғистонни қурамиз.

Барчангизга фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман! Бирлигимиз мустаҳкам, осмонимиз мусаффо бўлсин! - дейилади табрик матнида.