Қасим-Жомарт Тоқаев То Ламни І даражали «Достық» ордени билан тақдирлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қозоғистон ва Вьетнамни чуқур дўстона муносабатлар боғлаб туришини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда маълум қилди.

У, шунингдек, 1959 йилда Вьетнамнинг биринчи Президенти Хо Ши Миннинг Қозоғистонга ташрифини эслади. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Вьетнам ўртасида ҳақиқий стратегик шериклик ўрнатилганини айтди.

“Қозоғистонга давлат ташрифингиз катта тарихий аҳамиятга эга. Бу Қозоғистон-Вьетнам муносабатлари ривожида муҳим давр бошланганидан далолат беради. Бугунги музокаралар натижасида биз икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтарадиган стратегик шерикликни йўлга қўйишга келишиб олдик. Бунинг учун етарлича сиёсий ирода ва савдо-иқтисодий салоҳият мавжуд, бу эса бой истиқболларни очади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссангизни алоҳида таъкидламоқчиман. Шу муносабат билан Сизни Қозоғистон Республикасининг давлат мукофоти – I даражали «Достық» ордени билан тақдирлашга ижозат бергайсиз. Умид қиламанки, сиз Қозоғистон-Вьетнам интеграциясини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этасиз”, – деди Давлат раҳбари.

Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Қасим-Жомарт Тоқаев ва қозоқ халқига Қозоғистоннинг олий давлат мукофотини топширгани учун миннатдорчилик билдирди.

“Бу мен учун жуда қимматли мукофот. Чунки бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўнлаб йиллик ҳамкорлик ва ўзаро интилиш самараси, халқларимизнинг ишончи ва чинакам муҳаббатидан далолат, деб ўйлайман. Қозоғистон гуллаб-яшнашини, қозоқ халқи эса фаровон бўлишини тилайман”, – деди Вьетнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби.