Қасим-Жомарт Тоқаев Татаристон Раиси Рустам Миннихановни қабул қилди
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Татаристон Раиси Рустам Миннихановни қабул қилди, дея хабар беради Каzinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, аграр ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Татаристон Қозоғистон билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия ҳудудлари орасида етакчи ўринга эга эканлигини таъкидлади.
– Қозоғистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда ва Россия Федерацияси билан кўп томонлама муносабатларимизда муҳим ўрин тутади, дейишга барча асослар бор. Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Татаристон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 22,5 фоизга ошиб, 597 миллион доллардан ошди. Машинасозлик соҳасида “Татнефть” ва “КАМАЗ” корхоналари иштирокида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бошқа лойиҳалар ҳам бор, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Рустам Минниханов Қозоғистон ва Татаристон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратди.
– Муҳтарам Президент, вақт ажратиб учрашиб, қўшма лойиҳалар ҳақида суҳбатлашиш имкониятини берганингиз учун миннатдорчилик изҳор этаман. Бугунги "Иннопром" кўргазмаси учун ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тайёргарлик жуда яхши олиб борилган ва юқори савияда давом этмоқда. Биз 100 дан ортиқ одам ва 38 компаниядан иборат катта делегацияни олиб келдик. Бизнинг вазифамиз нафақат йирик бизнесни жорий этиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки кичик ва ўрта корхоналаримизни мамлакатингиз билан фаол ҳамкорлик қилишга ундашдир, – деди Татаристон Раиси.
Учрашувда Давлат раҳбари Қозоғистон ва Россия минтақалараро форуми ўзаро ҳамкорлик учун мақбул платформага айланганини таъкидлади. Бу йил ноябрь ойида Қостанайда бўлиб ўтадиган Форум мавзуси қишлоқ хўжалигига бағишланади.
Президент татаристонлик ишбилармонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича бой тажриба ва бу борадаги ҳамкорликнинг катта салоҳиятини инобатга олган ҳолда бу йўналишга қизиқиш билдиришларига ишонч билдирди.