Қасим-Жомарт Тоқаев: “ШҲТ формати”ни имкон қадар жозибадор қилиш учун бир қатор муҳим лойиҳалар ишга туширилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Мустақиллик саройида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида делегация раҳбарлари Беларусь Республикасини ташкилотга қабул қилиш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисидаги қарорни имзоладилар.

Давлат раҳбари бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дўстлик, яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш, яъни “Шанхай руҳи” асосида фаолият юритувчи давлатлараро муносабатларнинг самарали механизмига айланганини таъкидлади.

– ШҲТ ҳудудида уч миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ташкилотга иқтисодиёти жуда катта ва тез ривожланаётган давлатлар киради. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисми ушбу мамлакатларга тегишли. Бу ташкилотимизнинг улкан салоҳияти ва глобал ролини яққол кўрсатади. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатларнинг овози ва манфаатлари тенг инобатга олинадиган ўзига хос платформа эканлигини кўрсатди. Ишончим комилки, бундай мустаҳкам демократик пойдеворга асосланган узоқ муддатли ҳамкорлигимиз янги мазмун билан тўлади, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг ташкилотга раислиги доирасида амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида маълумот берди.

Президент ШҲТга аъзо давлатларнинг фаол қўллаб-қувватлаши натижасида Қозоғистоннинг ташкилотга раислиги даврида турли даражадаги 150 га яқин тадбир, жумладан, рақамли ривожланиш, туризм, энергетика, бизнес ва бошқа соҳаларда форумлар ва ШҲТ Ёшлар кенгаши ўтказилганини маълум қилди.

– Ташкилотнинг Шартли базасига 60 та янги ҳужжат қўшилди. Хусусан, гиёҳвандликка қарши кураш стратегияси, Иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини амалга ошириш режаси, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги битим, Энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси ва бошқа ҳужжатлар. ШҲТнинг ҳамкорлари ҳисобланган халқаро ташкилотлар сони ортди. Инвестициялар бўйича махсус ишчи гуруҳи фаолияти жонланди. Миллий валютада ҳисоб-китобларга ўтиш жараёни жадал ривожлана бошлади, - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев мазкур чора-тадбирлар самарасида ШҲТ маконида савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистон раислиги даврида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратганини айтди.

– “ШҲТ формати”ни янада жозибадор қиладиган бир қатор муҳим лойиҳалар ишга туширилди. “ШҲТ мамлакатлари маънавий муқаддас қадамжолари” лойиҳаси ва “ШҲТ Ипак йўли” биринчи халқаро мусиқа фестивали шулар жумласидандир. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун 10 та туристик ҳудуд белгиланди. Алмати ШҲТнинг маданий ва сайёҳлик пойтахтига айланди, - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ШҲТга раис сифатида аввалги саммитда белгиланган барча мақсад ва мажбуриятларни тўлиқ бажарган. Президент, шунингдек, барча мамлакатларга мамлакат ташаббусларини амалга оширишдаги фаол иштироки ва қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтдаги Мустақиллик саройида Қозоғистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бошланди.

Беларусь ШҲТнинг тўлақонли аъзоси бўлди.