Италияда "демографик" фавқулодда ҳолат эълон қилинди
ASTANA. Kazinform – Италия социологлари ва демографлари мамлакат аҳолисининг қариши ва туғилиш даражасининг камайиб бораётганидан чуқур хавотирда. Кўпчилик Жоржи Мелони ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли эмас ва мамлакат тез орада демографик таназзулга юз тутиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Еuronews ёзди.
Сўнгги йилларда бутун Европада туғилишнинг пасайиши кузатилмоқда. Бу муаммо айниқса Италияда кескин.
Мамлакат Европа Иттифоқида энг паст туғилиш даражасига эга. Қолаверса, маҳаллий аҳоли ҳамжамиятнинг қолган қисмига қараганда анча тез қарияпти.
"Демографик туйнук"га сирғанишнинг олдини олиш Италия ҳукумати ва "Италия биродарлар" партияси бошчилигидаги бошқарув коалициясининг асосий вазифаларидан биридир. Аммо ҳокимиятнинг усуллари, айниқса улар томонидан ишлаб чиқилаётган аборт тўғрисидаги қонун лойиҳаси социологлар ва маҳаллий нодавлат ташкилотлар томонидан танқид ва кўплаб саволларга сабаб бўлмоқда.
Буни Римда демографик масалаларга бағишланган икки кунлик конференция яққол кўрсатди. Иштирокчилар мамлакатда “фавқулодда вазият” мавжуд деган фикрга келишди.
Агар бу тенденция давом этса, ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Италиянинг 59 миллион аҳолиси қарийб 1 миллион кишига қисқаради.
Италия Миллий Статистика бошқармаси (ISTAT) маълумотларига кўра, агар 2022 йилда туғилишнинг умумий коэффициенти (яъни, бир аёлга тўғри келадиган болалар сони) 1,24 ни ташкил этган бўлса, бир йилдан кейин у 1,2 га тушди.
Аҳолининг қариши эса пенсия тизими ва соғлиқни сақлаш соҳасига катта юк бўлмоқда.
“Италиядаги вазиятнинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, инқироз узоқ йиллар давом этган. 2008 йилдан бери янги туғилган чақалоқлар сони 200 мингга камайди. Кўпгина ҳолларда, бу потенциал ота-оналар сонининг камайиши билан боғлиқ. Бу 30 йил аввал бошланган туғилиш даражасининг пасайиши билан изоҳланади”, – деди ISTAT бош директори Сабрина Прати.
Ўтган йили мамлакат ҳукумати аёлларга бир вақтнинг ўзида бола тарбияси ва меҳнатини бошқаришга ёрдам бериш чора-тадбирларига қарийб 1 миллиард евро ажратди.
Аввал хабар берганимиздек, Италия парламенти олдига аборт қилиш марказларида оналар маслаҳатчисини жорий этишни назарда тутувчи аборт тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши намойишчилар йиғилган эди.