Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаси натижасида беш журналист ҳалок бўлди

Фото: Фото: Getty Images

ASTANA. Kazinform – Камида 20 киши, шу жумладан халқаро ОАВда ишлаган беш журналист Исроил армиясининг Ғазо сектори жанубига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар беради BBC.

Reuters агентлиги маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида унинг оператори Ҳусам ал-Масрий ҳам бор. Associated Press эса ўзининг фрилансер журналисти Марям Дагга ҳалок бўлганини маълум қилди. AP таъкидлашича, 33 ёшли журналистнинг ўлими уларни “ҳайратга солди ва қайғуга чўмдирди”.

Ҳалок бўлганлар орасида Al Jazeera учун ишлаган Муҳаммад Саламе, фотограф Муатҳ Абу Таха ва Аҳмад Абу Азиз ҳам бор. Таха ва Азизнинг ким учун ишлагани ҳозирча аниқ эмас. NBC телеканали дастлаб тарқалган хабарларга қарши равишда Таха унинг ходими эмаслигини маълум қилди.

ХАМАС назоратидаги Ғазо фуқаро муҳофазаси маълумотларига кўра, камида 20 киши, жумладан унинг бир ходими ҳалок бўлган. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди. Маълумотга кўра, бир нечта шахслар биринчи зарбада, бошқалар эса қутқарувчилар етиб келганидан кейин амалга оширилган иккинчи зарбада ҳалок бўлган.

Исроил ҳарбийлари дўшанба куни Ғазо сектори жанубидаги Хан-Юниста жойлашган Насир касалхонаси яқинида зарба берилганини тасдиқлади.

Исроил мудофаа армияси баёнотида шундай дейилган:

“ЦАҲАЛ бегона шахсларга етказилган ҳар қандай зарардан афсусда ва журналистларни ҳеч қачон мақсад сифатида кўрмайди. ЦАҲАЛ ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, бегона шахсларга зарарни имкони борича камайтириш чораларини кўради”.

Ҳужум икки ҳафта олдин Исроил Ғазо шаҳридаги “Ал-Шифо” касалхонаси яқинида олтита журналист, жумладан Al Jazeeraнинг тўрт ходими ҳалок бўлган ҳужумдан сўнг содир бўлди.

Ўшанда Исроил мудофаа армияси зарба мақсади Al Jazeeraнинг машҳур репортёри Анас аш-Шариф бўлганини, уни “ХАМАСнинг террорчи ҳужайрасини бошқарган” деб даъво қилганди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) – ОАВ эркинлиги учун курашувчи етакчи ташкилот – Исроил бу айбловларни тасдиқлайдиган ишончли далил тақдим этмаганини билдирди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссари бошқармаси ҳужумни кескин қоралаб, уни халқаро ҳуқуқни қўпол бузиш деб атади.

Сўнгги ҳалок бўлганларни ҳисобга олганда, 2023 йил октябрида уруш бошланганидан буён Ғазода ўлдирилган журналистлар сони қарийб 200 нафарга етди.