Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабга уюштирган зарбаси оқибатида 18 киши, жумладан 6 нафар БМТ ходими ҳалок бўлди
ASTANA. Kazinform – Чоршанба куни Ғазо секторининг марказий қисмидаги Нусейрат қочқинлар лагеридаги минглаб фаластинликлар бошпана сифатида фойдаланиладиган мактабга уюштирилган зарба натижасида 18 киши, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигининг (UNRWA) олти ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Aljazeera хабар берди.
Ҳужум Нусейрат қочқинлар лагеридаги Ал-Жауни мактабига қилинган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида лагерда яширинган фаластинлик аёллар ва болалар ҳам бор. UNRWAнинг олти нафар ходими, жумладан, UNRWA бошпана менежери ва кўчирилганларга ёрдам берган бошқа гуруҳ аъзолари ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинган.
UNRWA агентлигининг маълум қилишича, 11 ойдан бери давом этаётган урушда бу уларнинг ҳодимлари "энг кўп ўлган” биринчи ҳолат.
БМТ агентлигига кўра, мактаб уруш бошланганидан бери 5 марта ўққа тутилган. 12 мингга яқин қочқинлар, асосан аёллар ва болалар у ердан бошпана топган.
UNRWA можаронинг барча томонларини ҳеч қачон мактаблар ёки уларнинг атрофидаги ҳудудлардан ҳарбий ёки жанговар мақсадларда фойдаланмасликка чақирди. Баёнотда мактаблар ва бошқа фуқаролик инфратузилмалари ҳар доим ҳимоя қилиниши кераклиги ва нишон эмаслиги таъкидланган.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, бу Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагеридаги бир мактабга Ғазо уруши бошланганидан бери бешинчи ҳаво ҳужуми бўлди.
"Биз тинч аҳолига, шунингдек, БМТ объектларига қаратилган барча ҳаво ҳужумларини қоралаймиз", – деди Дюжаррик.
Ғазо секторидаги уруш 2023 йил 7 октябрда, Исроил ҳисобларига кўра, ХАМАС Исроилга ҳужум қилиб, 1200 кишини ўлдирган ва 250 га яқин кишини гаровга олган пайтда бошланган. Анклав соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига кейинги ҳужуми 41 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган.