Исроил ХАМАС томонидан асирга олинган талаба қизнинг ўлимини тасдиқлади

Фото: Фото: Christoph Soeder/dpa/picture alliance

Исроил ташқи ишлар вазирлиги ХАМАС жангарилари томонидан ўғирлаб кетилган германиялик талаба Шани Лукнинг ўлимини тасдиқлади, деб хабар беради Kazinform агентлиги ВВСга таяниб.

Аввалроқ мусиқа фестивали чоғида ХАМАС аъзолари томонидан ўғирлаб кетилган қизнинг ўлими ҳақида унинг онаси хабар берган эди.

“Германия ва Исроил фуқароси бўлган 23 ёшли Шани Лукнинг жасади топилгани ва унинг шахси аниқланганини қайғу билан эълон қиламиз”, – дея хабар беради Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида.

Маълумотларга кўра, талаба қийноққа солинган ва ўлдирилган.

“Шани ХАМАС жангарилари томонидан мусиқа фестивалидан ўғирлаб кетилганида, қийноққа солинган ва Ғазо секторида омма олдида шафқатсизликка учраган. Биз Шанининг вафот этган дўстлари ва оила аъзолари учун ибодат қиламиз ", – дейилади ТИВ баёнотида.

Ш.Лук 7 октябрь куни Фаластиннинг ХАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилганида, Supernova мусиқа фестивалидан мажбуран олиб кетилган эди. Қиз бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. Ҳибсга олинганлар орасида Хитой ва Таиланд фуқаролари борлиги хабар қилинган.

21 сентябрь куни ХАМАС икки АҚШ фуқароси, 59 ёшли Жудит Раанан ва унинг 17 ёшли қизи Натали Раананни озод қилди.

Исроилга кўра, ХАМАС 7 октябрь куни Исроил жанубидаги шаҳарларга уюштирилган ҳужумлардан сўнг Ғазо секторига 203 кишини олиб кетган.