Исроил гази тез орада Европа бозорларига чиқади
Чоршанба куни Қоҳирада бўлиб ўтган энергетика анжуманида Европа Иттифоқи, Исроил ва Миср Европага газ экспорти бўйича дастлабки келишувни имзолади. Ўзаро англашув меморандумини Исроил Энергетика ва сув ресурслари вазири Карин Эльхаррар, Миср нефть ва минерал ресурслар вазири Тарек Эль Молла ва Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон имзолади.
Исроил табиий газининг Мисрдаги суюлтирилган газни қайта ишлаш заводларига юборилиши ва кейин Европа бозорларига жўнатилиши кутилмоқда. Таъминот бир неча йил ичида кенгайтирилиши мумкин.
Рамкавий келишувга кўра, Европа Иттифоқи Европа компанияларини Исроил ва Миср қидирув тендерларида иштирок этишга ҳам ундайди.
Ўтган йили Европа Иттифоқига газ импортининг умумий ҳажмининг қарийб 40 фоизини Россия гази ташкил этди ва углеводород хомашёсига бўлган талабнинг бу катта ҳажми тахминан 2030 йилгача давом этади.
Муаллиф: Рустем Қожибаев