Испания 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов қўймоқчи

Фото: Фото: Азертадж

ASTANА. Kazinform — Испанияда 16 ёшга тўлмаган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан ижтимоий платформалар ёшни текшириш тизимларини жорий этишга мажбурланади.

Reuters агентлигига таяниб хабар қилишларича, бу ҳақда Испания бош вазири Педро Санчес сешанба куни маълум қилди. У хавфсиз рақамли муҳитни шакллантиришга қаратилган бир қатор чораларни эълон қилди.

Ҳукумат ижтимоий тармоқларда нафратга ундайдиган фикрлар, порнографик контент ва ёлғон маълумотларнинг кенг тарқалишига бир неча бор хавотир билдириб, бунинг ёшларга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтган.

— Бизнинг болаларимиз ҳеч қачон ёлғиз қолишга мўлжалланмаган маконга дуч келмоқда... Биз бунга энди тоқат қила олмаймиз. Биз уларни рақамли «Ёввойи Ғарбдан» ҳимоя қиламиз, — деди Санчес Дубайда ўтган Жаҳон ҳукумат саммитида сўзлаб, бошқа европа давлатларини ҳам шундай чоралар кўришга чақирди.

Таъкидлаш жоизки, декабрь ойида Австралия 16 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган биринчи давлат бўлган эди. Бу қадамни шундай ёш чекловларини жорий этишни кўриб чиқаётган бошқа давлатлар ҳам диққат билан кузатиб турибди.

Испания бош вазирининг айтишича, келуси ҳафтада ижтимоий тармоқ раҳбарларини ноқонуний контент ва нафратга ундаш учун жавобгарликка тортишни кўзда тутадиган қонун лойиҳаси таклиф этилади. Шунингдек, алгоритмларни манипуляция қилиш ва ноқонуний контентни тарқатиш жиноят сифатида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Францияда 15 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ жадаллаштирилади.