Исломий молиянинг асосий тамойиллари: фоиз йўқ, шаффофлик ва шериклик
ASTANA. Kazinform – Исломий молия тизими анъанавий молиядан нимаси билан фарқ қилади? Бу саволга Исломий молия ва бизнес уюшмаси раиси, Астана халқаро молия марказининг исломий молия йўналиши раҳбари Мадина Тукулова жавоб берди.
“Биринчидан, исломий молияда фоиз йўқ. Яъни, пулдан пул ишлаб олишга рухсат этилмайди. Исломий молия ҳалоллик, ахлоқ ва ошкораликка асосланади. Шунингдек, банк ва мижоз ўртасидаги муносабат шериклик тамойилига қурилади. Улар биргаликда шерик сифатида иш олиб боради. Яқинда бир семинарда бўлдим. У ерда турк ислом банкларидан бирининг вакили жуда қизиқарли фикр айтди: Анъанавий банк учун яхши мижоз ким? Бу қарзини ўз вақтида тўлайдиган мижоз. Лекин ҳардойим ҳам шундай эмас. Нега? Чунки мижоз тўловни кечиктирганда фоиз ва жарималар йиғилади – бу анъанавий банклар учун даромад манбаи”, – деб тушунтирди Мадина Тукулова.
Мутахассиснинг таъкидлашича, исломий банкларда жарима ва фоиз йиғиш таъқиқланган.
“Аммо мижозни интизомга чақириш зарурати туфайли шариат уламолари баъзи ҳолатларда жарима қўллашга рухсат берган. Лекин бу жарима маблағлари фақат садақа сифатида ишлатилади. У маблағлар банк номи билан эмас, мижозлар номи билан эҳсон қилинади. Банк бу пулни “мен садақа қилдим” деб эълон қила олмайди”, – деди у.
Бугун Астанада илк марта исломий молия ва бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Форум Исломий молия ва бизнес уюшмаси томонидан TIDAM агентлиги билан ҳамкорликда, Астана халқаро молия маркази кўмагида ташкил этилган. Тадбирда 200 дан зиёд киши иштирок этмоқда.