Интерпол одам савдосига қарши операцияда 158 нафар гумонланувчини ушлагани ҳақида маълум қилди
ASTANA. Kazinform – Камида 158 нафар гумонланувчи одам савдосига қарши йўналтирилган кенг кўламли халқаро операция натижасида қўлга олинди, деб хабар беради ТАСС.
Интерпол матбуот хизматида қайд этилишича, давом этаётган тергов доирасида жиноий фаолиятга алоқадор деб гумон қилинаётган яна 205 нафар шахс аниқланган.
“Операцияда 43 мамлакатдан 15 мингга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди. Улар орасида полиция, чегарачилар, меҳнат муҳофазаси инспекторлари, солиқ ва божхона органлари ходимлари бор”, – дейилади Интерпол баёнотида.
Унда таъкидланишича, “Глобал занжир” деб номланган ушбу операция 2025 йил 1-6 июнь кунлари Австрия ва Руминия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлигида ўтказилган. Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш ишларини Интерпол, Европол ҳамда Европа чегара ва соҳил қўриқлаш агентлиги (Frontex) амалга оширган.
Терговчилар маълум қилишича, операция давомида 64 мамлакат фуқаролари бўлган 1194 нафар эҳтимолий жабрланувчи аниқланган. Улар орасида кўпчилик Руминия, Украина, Колумбия ва Хитойдан чиққан фуқаролардир. Шунингдек, операция чоғида 278 минг еврога яқин нақд пул, сохта ҳужжатлар, гиёҳванд моддалар ва ўқотар қуроллар мусодара қилинган.