Интернетдаги фирибгарлик жиноятларининг фақат бешдан бири очилади – ҚР Президенти

Фото: Фото: Ақорда

АSTANА. Kazinform – ҚР Президенти Бош прокуратурадаги йиғилишда фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

— Ахборот маконида фуқароларнинг шахсий маълумотлари ошкор бўлгани ҳақида хабарлар тез-тез чиқиб туради. Шахсий маълумотларни максимал даражада ҳимоя қилиш учун бу иш билан тизимли равишда шуғулланиш керак, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев кибержиноятчиликка қарши кураш усулларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

— Дунёда кибержиноятчилик авж олмоқда. Ҳар йили минглаб фуқароларимиз унинг қурбони бўлмоқда. Ҳозир интернетдаги фирибгарлик жиноятларининг фақат бешдан бири очилади. Бу – жуда паст кўрсаткич. Кибержиноятчиликка қарши кураш усулларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Рақамли таҳдидга қарши туриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир қадам олдинда бўлиши керак. Илғор фикрлаб, орқада қолмасликнинг йўлини топиш зарур, — деди Президент.

Давлат раҳбари мамлакатда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётганини ва олдда Конституциявий ислоҳот ўтказиш, бутунлай янги сиёсий тизимга қадам қўйиш вазифаси турганини таъкидлади.