Илон Маск Tesla роботакси лойиҳаси июнь ойида ишга туширилишини тасдиқлади

Фото: Фото: Tesla

ASTANA. Kazinform – Илон Маскнинг маълум қилишича, Tesla компаниясининг роботакси хизматлари Техас штатидаги Остин шаҳрида июнь ойи охирида 10 та автомобиль билан бошланади. Агар синов муваффақиятли ва муаммосиз ўтса, лойиҳа тез орада минглаб машиналаргача кенгайиши мумкин, деб хабар беради NBC News.

“Аввал бошда оз сонли машиналар билан бошлаб, ҳамма нарса яхши кетаётганига ишонч ҳосил қилиб, сўнгра ишни кенгайтириш оқилона бўлади”, – деди Илон Маск.

Сешанба куни Остинда CNBC телеканалига берган интервьюсида Маск Tesla компанияси Остиндаги дебютдан сўнг Лос-Анжелес ва Сан-Франциско шаҳарларида ҳам роботакси хизматини йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилди.

Маск 2016 йилдан буён инвесторлар, мижозлар ва Tesla ишқибозларига компания тўлиқ автоматик бошқарувда, инсон аралашувисиз йўловчиларни хавфсиз ташишга қодир автотранспорт воситасини тақдим этишини ваъда қилиб келаётган эди.

Бошланғич босқичда Teslaнинг роботаксиси “Model Y” автомобили негизида яратилади ва “FSD Unsupervised” (тўлиқ автоном бошқарув) тизимининг янгиланган версияси билан жиҳозланади.

Маскнинг айтишича, Остинда роботаксилари фаолияти махсус “геозона” билан чекланади. Яъни, улар фақат белгиланган ҳудудлар ичида ҳаракатланади. Tesla ходимлари автопаркни масофадан туриб назорат қиладилар.

Ҳозирда Tesla компаниясига раҳбарлик қилаётган Маск, шунингдек, SpaceX ва xAI компанияларини ҳам бошқаради ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг асосий маслаҳатчиларидан бири ҳисобланади.

Bloomberg миллиардерлар индексига кўра, Tesla ва SpaceX компанияларидаги улушлари туфайли Илон Маск дунёдаги энг бой инсон ҳисобланади. Унинг бойлиги тахминан 376 миллиард доллар деб баҳоланмоқда.