«IBO-2024» халқаро олимпиадаси илк бор Қозоғистонда ўтказилади
ASTANА. Кazinform - Дунёнинг энг нуфузли халқаро биология олимпиадаси бу йил илк бор Қозоғистонда бўлиб ўтади.
Ҳукуматда «IBO-2024» таълим мусобақасини ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилди. Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Тамара Дуйсенова раислигида ўтказилган йиғилишда марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этди.
«Internetional biology оlympiad» дунёдаги топ-7 фан олимпиадаси қаторига киради. Қозоғистонлик ўқувчилар ушбу мусобақада 28 йилдан бери мунтазам қатнашиб келади. Бу вақт ичида улар 70 дан ортиқ турли совринларга: 2 та олтин, 20 та кумуш, 54 та бронза медалига сазовор бўлдилар. Ана шундай ютуқларни инобатга олган халқаро ташкилий қўмита Олимпиадани Астана шаҳрида ўтказишга қарор қилди.
ҚР Таълим-маориф вазири ўринбосари Едил Оспаннинг айтишича, бу йилги олимпиадада 4 нафар иқтидорли ўқувчи мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
“Пойтахтдаги халқаро олимпиадага дунёнинг 81 давлатидан 305 нафар ўқувчи ва уларнинг 275 нафар етакчиси келади. Мусобақа талабларига мувофиқ ташкилий ва илмий қўмиталар тузилиб, махсус www.ibo2024.kz сайти ишлаб чиқилди. Назарий ва амалий босқичларни ўтказиш учун зарур жиҳозлар ҳомийлар ҳисобидан харид қилинди. Олимпиада давомида 80 дан ортиқ кўнгиллилар ёрдам беради”, - деди Едил Оспан.
Иштирокчилар учун асосий интеллектуал турнирдан ташқари пойтахт ва Ақмола вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат режалаштирилган. Шунингдек, Қозоғистон тарихи ва миллий санъати билан яқиндан танишиш мақсадида тадбирлар ташкил этилмоқда.
Тамара Дуйсенова халқаро олимпиаданинг аҳамиятини таъкидлаб, уни ташкил этиш бўйича масъул давлат органларига вазифалар юклади.
“Олимпиаданинг Қозоғистонда ўтказилиши ўқувчиларимизнинг билим даражаси юқори эканлигини кўрсатади. Мусобақа белгиланган талаблар асосида ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилиши керак. Бошқа мамлакатлардан ўқувчиларни қабул қилиш орқали биз катта масъулиятни ўз зиммамизга оламиз. Мусобақада иштирок этаётган болалар жойлашган жойда, олимпиада ўтказиладиган жойда санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, ташишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни топшираман”, – деди Тамара Дуйсенова.