Хорижлик ҳамкасбларни Қозоғистондаги лойиҳаларга сармоя киритишга таклиф қиламан – Бош вазир

Фото: Фото: primeminister.kz

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Хорижий инвесторлар кенгашининг оралиқ йиғилишини ўтказди. Унда Қозоғистондаги сармоявий вазиятни янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ва таклифлар муҳокама қилинди, дея хабар беради Kazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Бош вазир Қозоғистон ўз сўзида 2029 йилга бориб иқтисодиёт ҳажми 450 миллиард долларгача, яъни, икки баробарга ошириш бўйича Ҳукумат олдида кенг кўламли вазифа турганини таъкидлади.

“Биз ESG тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, айни пайтда камида 150 миллиард долларлик хорижий сармояни жалб қилишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу мақсадларга эришиш учун мамлакатимизнинг сармоявий муҳитини янада яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, - деди у.

Алихан Смаилов таъкидлаганидек, Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси “Қозоғистонни янги саноатлаштириш” мавзусига бағишланади.

Фото: primeminister.kz

“Давлат раҳбари Қозоғистон халқига Мурожаатида мамлакат саноат базасини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳукумат фаолияти инвестициялар ҳажмини ошириш, илғор технологиялар трансфери, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кластерлар яратишга қаратилган. Қайта ишлаш соҳасини жадал ривожлантиришга устувор аҳамият берилади”, - деди у.

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун зарур қонунчилик базаси ва институционал муҳит шакллантирилган.

Фото: primeminister.kz

“Саноат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, янги Саноат ва қурилиш вазирлиги ташкил этилди.

“Ҳукумат мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва сармоявий муҳитни яхшилаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Хорижлик ҳамкасбларимизни Қозоғистондаги лойиҳаларга сармоя киритишга таклиф қиламиз”, - деди Алихан Смаилов.

Кенгаш давомида Ernst & Young, TotalEnergies, Knauf, KPMG компаниялари вакиллари ҳамда Қозоғистон Республикаси марказий давлат органлари раҳбарлари сўзга чиқди.

Муҳокама якунига кўра, Бош вазир барча таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилишини таъкидлади.

Фото: primeminister.kz

Шунингдек, тадбир доирасида Алихан Смаилов Хорижий инвесторлар кенгаши ва бутун республиканинг инвестиция муҳитини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ташаккурномалар топширди.

Хусусан, Coca Cola Içecek Kazakhstan, Microsoft, Baker & McKenzie, Cameco Kazakhstan, Chevron Corporation, Deloitte, Exxon Mobil, Glencore, Marubeni компанияларига ва бошқаларга берилди.

– Шу йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, йирик лойиҳалар амалга оширилди, энг муҳими, минглаб иш ўринлари яратилди. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз ўзаро манфаатли бўлиб, улкан истиқболларга йўл очади ва изчил ривожланади. Қозоғистон Ҳукумати сармоявий алоқаларни чуқурлаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр”, - деди Бош вазир.

Фото: primeminister.kz

Хорижий инвесторлар кенгаши Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳатчи орган ҳисобланади.

Кенгашнинг асосий вазифаси - Қозоғистон инвестиция сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда Қозоғистон Республикасининг инвестициялар бўйича норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ҳозирда Кенгаш таркибига 33 нафар йирик трансмиллий хорижий компаниялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, хорижий томондан 9 нафар кузатувчи киритилган.