Хитойда учар электромобиллар тўқнашди
Хитойнинг Xpeng Aeroht компаниясига тегишли иккита учар электромобиль 16 сентябрь куни ҳавода тўқнашди, деб хабар беради CNN.
Ҳодиса 16 сентябрда Чанчун шаҳрида ўтказилаётган авиашоу репетицияси вақтида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, электромобиллардан бири иккинчига ҳаддан ташқари яқинлашган, оқибатда тўқнашув юз берган. Компания воқеа сабабларини ўрганиш учун текширув бошлади.
Вертикал қўниш вақтида электомобиллардан бири ёниб кетган. “ХХI аср йўл-транспорт ҳодисаси" деб номланган бу воқеа давомида ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган.
Мазкур воқеа стартап сифатида машҳур бўлган Xpeng Aeroht учун муаммо туғдирди, чунки компания 2026 йилда учар электромобильларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. “Land Aircraft Carrier” ҳозирда олдиндан буюртма қилиш учун мавжуд. Унинг нархи қарийб 321 минг долларни ташкил этади.