Хитой ва Ўзбекистон чегарасида 4 та янги божхона пости ишга туширилди
TASHKENT. Kazinform – Янги объектлар халқаро стандартларга мувофиқ барпо этилган бўлиб, транспорт воситаларини сканерлаш, текшириш ва автоматик тарзда тортиш учун юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган. Бу ҳақда ҚР Молия вазирлиги маълум қилди.
ҚР Молия вазирлиги Хитой, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегарадош 9 та назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда. Ушбу тадбирлар мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган давлат сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида эски инфратузилмани тўлиқ алмаштирган ҳолда замонавий янги ўтказиш пунктлари қурилмоқда.
2025 йил бошидан бери 4 та янгиланган ўтказиш пункти фаолият бошлади:
- Хитой билан чегарада – «Кўлжат» ва «Алакўл»
- Ўзбекистон билан чегарада – «Қапланбек» ва «Атамекен»
“Йил якунига қадар «Қазиғурт», «Тажен», «Темир баба», «Майқапшағай» ва «Бақти» каби бешта пунктни янгилаш режалаштирилган. Янги пунктларда чегарани хавфсиз ва қулай тарзда кесиб ўтиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Транспорт қатнови йўлаклари сони 2 тадан 6 тагача кўпайтирилган, назорат ҳайдовчи кабинетидан тушмасдан амалга оширилади, жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилганлиги сабабли чегарадан ўтиш вақти ўртача 30 дақиқагача қисқартирилди. Ушбу тизимнинг ўзига хослиги — «бир дарча» тамойилига асосланган ягона технологик йўлак орқали назоратнинг барча турларидан узлуксиз ўтиш имконида”, – дейилади вазирлик маълумотида.
Умуман, Молия вазирлиги ўтказиш пунктларини янгилаш, божхона расмийлаштирувини рақамлаштириш ва автоматлаштириш, шунингдек, чегарабўйи сервисларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга оширмоқда.
Масалан, 2023 йилдан бошлаб ЕОИИ ташқи чегарасидаги барча автомобиль ўтказиш пунктларида CarGoRuqsat электрон навбат тизими жорий этилди. Бу йўлларда транспорт воситалари тўпланишининг олдини олиш, юк ташиш жараёнининг очиқлигини ва самарадорлигини ошириш имконини берди.
76 та бизнес-жараён оптималлаштирилди, бу орқали тижорат автотранспорт воситаларининг ўтказиш пунктларидан ўтиш вақти уч баробарга қисқартирилди. 3 та автохаб ва 1 та транспорт-логистика маркази ишга туширилди. «Нур Жоли» пункти кундуз-туни ишлаш режимига ўтди, «Алакўл» ва «Майқапшағай» пунктларининг иш вақти узайтирилди.
2024 йилдан эътиборан 20 та модулдан иборат ягона рақамли платформа – «Божхона» тизими жорий этилмоқда, ҳозирда ундаги 13 та модул ишламоқда. Декларациялаш ва формат-мантиқий назоратнинг электрон шакли жорий этилди, Хоргосда товарларни ҳисобга олиш тўлиқ рақамлаштирилди. Назорат хизматлари интеграция қилинган ва автоматлаштирилган, транзит жараёни тезлаштирилган, шахсий кабинет орқали масофадан ўзаро ҳамкорлик имкони яратилган.
Ўтказиш салоҳияти 2022 йилдаги 640 минг транспорт воситасидан 2024 йилда 1,4 миллионгача ошди. Модернизация очиқликни таъминлаш, товарлар оқимини тезлаштириш ва чегарабўйи иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган.