Хитой ОАВ: Си Цзиньпиннинг Қозоғистон Президенти билан биринчи бўлиб учрашуви чуқур маънога эга

Фото: Фото: akorda.kz

Хитой оммавий ахборот воситалари Қозоғистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви ҳақида ёзар экан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан биринчи бўлиб учрашуви чуқур аҳамият касб этишини таъкидлади, деб хабар беради Каzinform.

Хитойнинг CCTV телеканали мухбири ўзининг видеорепортажида бу йил “Бир макон, бир йўл” ташаббусига 10 йил тўлганини таъкидлади.

"ХХР Раиси Си Цзиньпин "Бир макон, бир йўл" учинчи саммити арафасида ўнлаб мамлакатлар раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу музокараларнинг биринчиси Қозоғистон Президенти Тоқаев билан бўлади. Ахир “Бир макон, бир йўл” ташаббуси илк бор бошланган жой сифатида Қозоғистоннинг Хитой учун аҳамияти катта”, – деди мухбир.

Оммавий ахборот воситалари эслатишича, Си Цзиньпин 2013 йилда Қозоғистон пойтахти Астанадаги нутқида “Янги Ипак йўлининг иқтисодий маконини биргаликда яратиш” ташаббусини илгари сурган эди.

Хитойлик журналист Қозоғистон нафақат “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси бошланган жой, балки ушбу муҳим халқаро ташаббусни амалга оширишнинг намунали иштирокчиси эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Хитой билан “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини ривожлантириш бўйича кўплаб қўшма саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

“Хитой ва Қозоғистон юқори сифатли ҳамкорликда иш олиб бориш орқали халқаро ҳамжамиятга ҳамкорлик намунасини кўрсатди”, – деди мухбир.

CCTV маълумотларига кўра, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси таклиф қилинганидан бир йил ўтмай, Хитой ва Қозоғистон Ляньюньган логистика ҳамкорлик марказини ташкил этишди. Бу “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида муваффақиятли амалга оширилган биринчи халқаро лойиҳадир. Лойиҳа денгизга чиқиш имкони бўлмаган дунёдаги энг йирик давлат Қозоғистонни бепоён денгиз билан боғлаб, Марказий Осиё ва дунё ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларини янада яқинлаштиради.

CCTV мухбирлари видеорепортажда Қозоғистон ва Хитой ўн йиллик ҳамкорликда Европа ва Осиё бўйлаб транспорт йўналишини яратганини, халқаро логистика ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарганини таъкидлади.

Айнан шунинг учун ҳам “Бир макон, бир йўл” учинчи саммити арафасида ХХР Раиси биринчи навбатда Қозоғистон Президенти билан учрашишни маъқул кўрди.