Хитой-Мьянма ҳаво қатнови ҳалокатли зилзиладан кейин тикланди
ASTANА. Кazinform — Хитойнинг Куньмин шаҳри ва Мьянманинг Мандалай шаҳри ўртасида даҳшатли зилзиладан кейин тўхтатилган ҳаво қатнови тикланди, дея хабар беради Xinhua.
Якшанба куни Хитойнинг жануби-ғарбидаги Юньнань провинцияси маъмурий маркази Куньмин ва Мьянманинг Мандалай шаҳри ўртасида икки томонлама рейслар тикланди. Март ойида Мьянмада юз берган вайронкор зилзила туфайли бу йўналишдаги алоқа вақтинча тўхтатилган эди.
China Eastern Airlines авиакомпаниясининг Юньнань филиали маълумотларига кўра, Куньмин-Мандалай йўналиши бўйичаMU2029/MU2030 рейслари Boeing 737 самолётларида амалга оширилади. Аввалги жадвал сақланиб қолди: парвозлар ҳафтасига тўрт марта – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
28 март куни Мьянмада 7,9 магнитудали зилзила қайд этилди. Табиий офат кўплаб объектларга, жумладан Мандалай аэропорти инфратузилмасига зарар етказди. Шу муносабат билан ҳаво қатнови вақтинча тўхтатилди.
China Eastern Airlines авиакомпанияси ҳаво қатновларининг қайта тикланиши Хитой ва Мьянма ўртасидаги икки томонлама савдо, маданий-гуманитар алоқалар ҳамда табиий офатдан кейинги реконструкция бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда Юньнань провинциясининг Жануби-Шарқий Осиё билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСEАН) январь-май ойларида Хитойнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолди. Бу даврда Хитой ва АСEАН ўртасидаги товар айланмаси 3,02 триллион юанга (тахминан 422 миллиард АҚШ доллари) етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ўсди.
28 март куни содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг ёпилган Янгон-Мандалай темир йўл линияси ва Мандалай халқаро аэропорти 7 апрель куни қайта очилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
8 апрель ҳолатига кўра, Мьянмадаги зилзила қурбонлари сони 3,5 мингдан ошди.