Ҳиндистонда кучли жазирама
17:27, 21 Май 2024
Ҳиндистон пойтахти Деҳли ва унга туташ туманларда сўнгги кунларда +47,8 даражагача жазирама кузатилди. Бу ҳақда India Today нашри хабар берди.
«Якшанба куни (19 май — таҳр.) симоб устуни бутун Ҳиндистон бўйлаб камида 8 та жойда +47 даражага етди ёки ошиб кетди. Деҳлидаги Нажафгарҳада эса +47,8 даража қайд этилиб, бу туманни сўнгги уч кунда икки марта мамлакатдаги энг иссиқ жойга айлантирди», — деб ёзди нашр.
India Today маълумотларига кўра, +47 даража ва ундан юқори ҳарорат Харяна, Датиа, Уттар-Прадеш ва Жхансида ҳам кузатилган.
Ҳиндистон метеорология департаменти жазирамадан одамларни огоҳлантириб, қуёш нурларидан ҳимояланиш, кўчага пахтали оқиш тусдаги кийимларда чиқиш, соябонлардан фойдаланишга чақирди.