Халқаро ҳамкорлик бўлса, денгизга чиқиш имконияти йўқлиги тўсиқ эмас – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун БМТнинг учинчи конференциясида сўзга чиқиб, шундай деди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Президент нутқида Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорлар билан биргаликда минтақавий боғлиқликни кучайтириш, рақамли трансформацияни илгари суриш ва барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусларни амалга ошираётганини таъкидлади.
“Биз Ўрта йўлак ва “Шимол – Жануб” йўналишлари бўйича транспорт йўллари ва транзит инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Асосий мақсад — темир йўл, автойўл, авиация ва логистика марказларидан иборат ягона тармоқни яратиш. Бу Қозоғистоннинг Евроосиё транзит хаби сифатидаги позициясини мустаҳкамлайди. Айни пайтда Осиё ва Европани боғловчи юкларнинг 85 фоизга яқини мамлакатимиз орқали ўтмоқда. Шу билан бирга, биз рақамли лойиҳаларга ҳам инвестиция киритмоқдамиз. Астанада AlemAI сунъий интеллект маркази ташкил этилди. Яқинда суперкомпьютер фаолият бошлади. Илмий ҳамкорликка доим очиқмиз. Ҳамкорларимизни бизга қўшилишга чорлаймиз”, – деди ҚР Президенти.
Қасим-Жомарт Тоқаев минтақавий кун тартиби юзасидан фикр билдириб, география мамлакат имкониятларини чекламаслигини Марказий Осиё тажрибаси исботлаётганини қайд этди.
“Ҳозирча денгизга чиқиш имкониятимиз йўқ, аммо келажакда йўлини топамиз. Шунинг учун қуруқлик орқали боғлиқлик ортиб боради. Минтақамизда ижтимоий-иқтисодий ўсиш барқарор. Агар сиёсий ирода, стратегик инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик мавжуд бўлса, денгизга чиқиш йўқлиги тўсиқ эмас, аксинча, ривожланишга туртки бўлади. Бугун Марказий Осиё ўзаро манфаатли ҳамкорлик гуллаб-яшнаётган ҳудудга айланди. Минтақанинг савдо, инвестиция, транспорт, алоқа ва ресурсларни самарали бошқариш соҳаларида катта салоҳияти бор.
Икки кун олдин Қозоғистон ва БМТ ўртасида Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган минтақавий марказ ташкил этиш бўйича келишув имзоланди. Унинг бош офиси Алматида жойлашади. Бу бутун минтақа учун муҳим ютуқ бўлиб, Аваза Ҳаракат дастурининг мақсад ва тамойилларига тўла мос келади. Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун БМТ Бош котибига ва Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизга миннатдорчилик билдираман”, – деди ҚР Президенти.
Қасим-Жомарт Тоқаев нутқини якунлар экан, Қозоғистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар гуруҳи мақсад ва тамойилларига содиқлигини тасдиқлади.
“Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларни глобал кун тартибидан четда қолдирмасликнинг ягона йўли – халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир”, – дея сўзини якунлади Президент.