Халқ кенгаши нима учун керак
АSTANА. Kazinform – Давлат раҳбари Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Миллий қурултой ўрнига Халқ кенгашини ташкил этишни таклиф қилган эди. Ҳозирда мамлакатда янги сиёсий институтнинг фаолияти ва тузилиши аниқланмоқда. Айниқса, ушбу масала янги Конституцияда қандай мустаҳкамланиши ҳақида саволлар кўпчиликнинг диққат марказида. Шу муносабат билан Kazinform таҳлилчиси Халқ кенгашининг моҳиятини экспертлардан аниқлашга ҳаракат қилди.
Янги мулоқот майдони
Бунгача халқнинг таклиф ва фикрларини йиғадиган, махсус муҳокамага қўядиган бир неча сиёсий майдон мавжуд эди. Улар қаторига 30 йил аввал ташкил этилган Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва 2022 йилда ташкил этилган Миллий қурултой киради. Иккаласи ҳам турли сиёсий-ижтимоий гуруҳлардан, фаоллар ва зиёлилардан келган фикрларни ҳукуматга етказувчи каналга айланди, десак бўлади. Икки тузилманинг ташаббуси билан ўнлаб қонунлар қабул қилиниб, кўплаб ижтимоий муаммолар ечим топди.
Энди мамлакатга сиёсий аҳамиятга эга, ҳатто аниқ қонун таклиф қилишга қодир консультатив орган керак. Чунки жамоатчилик мулоқот майдонлари баъзи ҳолларда умуммиллий манфаатларни таъминлай олмаяпти. Шунинг учун Халқ кенгашида фақат соҳанинг мутахассислари эмас, балки фуқаролик жамиятининг барча вакиллари йиғилиш имкониятига эга бўлади ва жамиятнинг қонун чиқариш жараёнига тўғридан-тўғри иштироки ошади.
Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Миллий қурултойнинг номи йўқолгани билан, шаклланган ҳукумат ва жамият ўртасидаги алоқа анъанаси давом этади. Давлат раҳбари янги институт орқали бу қадриятларни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.
– Ислоҳотларнинг янги босқичида жамият ривожланишининг барча масалаларига доир доимий умуммиллий мулоқот ўтказиш учун кенг платформа ёки баланд минбар керак. Халқимизнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган асосий жамоат-сиёсий бирлашмалар ва тузилмалар ушбу платформага келиб қўшилиши лозим, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев Қизилўрдада ўтказилган Миллий қурултойда.
Миллий қурултой ва Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси Шерзод Пулатовнинг айтишича, Халқ кенгашини ташкил этиш – сиёсий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг янги даражаси бўлади.
Янги институтнинг асосий хусусияти – унга қонун чиқариш ташаббуси ҳуқуқининг берилиши. Бу жамоатчилик тузилмаларининг сиёсий жараёнда иштирок этиш мантиғини тубдан ўзгартиради. Кенгаш аъзолари тегишли янги қонунларнинг қабул қилинишига таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Демак, Кенгаш доирасида тайёрланган таклифлар фақат консультатив форматда эмас, балки қонунчилик даражасида кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади.
«Халқ кенгаши делибератив органга айланади»
Бунгача бундай ўхшаш қадам Миллий қурултойда бўлганини биламиз. Ҳар бир йиғилишда айтилган таклифлар доирасида қонунларга ўзгариш киритилиб, янги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиб борилди. Масалан, 2022 йилдан бери Қурултой аъзоларининг ташаббуси билан 26 қонун чиқди. Жорий йилда Қизилўрдада ўтказилган Миллий қурултой йиғилишида 200 дан ортиқ таклиф айтилди. Келгусида бундай самарали механизм системалаштирилиб, махсус таклифлар консультатив орган номидан йўлланади.
Экспертларнинг фикрича, Халқ кенгаши ички сиёсат, жамоатчилик келишуви ва миллий қадриятлар масалалари бўйича профессионал таклифлар тайёрлаши мумкин. Аммо аниқ ҳуқуқий тақсимоти махсус қонун билан аниқланади. Сиёсий таҳлилчи Ғазиз Абишев Халқ кенгашининг делибератив органга (қарор чиқаришда фақат кўпчиликнинг устун овозига эмас, тенгҳуқуқли фуқароларнинг масалани ҳар томонлама муҳокама қилиб, келишувга келишига асосланган модел – таҳр.) айланишига ишонади.
ҚСТИ бўлим бошлиғи Жанар Санхаеванинг фикрича, Халқ кенгаши сиёсий жараёнга таъсир кўрсатади.
– Халқ кенгашининг қонун лойиҳасини, турли ташаббусларни таклиф қилиш имконияти борлигини кўриб турибмиз. Менинг тушунишимча, бу таклифлар Парламентга йўлланади. Бу – Ҳукумат билан ўзаро ҳамкорликнинг, сиёсатга киришнинг тамомила бошқа канали, десак бўлади. Яъни сиёсий жараёнда иштирок этишнинг янги йўли. Бу мобилликни ошириб, имкониятларни кенгайтиради, деб ўйлайман. Чунки Халқ кенгаши фаолиятининг таъсири ҳам ўзгача, – деди эксперт.
Шу тариқа, Халқ кенгашида юқорида айтилган икки жамоатчилик институтининг фаолияти бирлаштирилади. Илгари бажарган вазифаси янги кўринишга кириб, Кенгаш таркибида қайта жойлашади. Масалан, келажак Халқ кенгаши таркибида 126 аъзо бўлади. Унинг ичида 42 аъзоси мамлакатдаги этнослар вакиллари бўлса, 42 нафари жамоатчилик бирлашмаларидан, яна 42 нафари ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлардан қўшилади.
Конституциядаги янги бўлим
Янги Конституция қабул қилиниши арафасида Халқ кенгаши эътибордан четда қолмади. Илк бор «Халқ кенгаши» ҳақида алоҳида модда, мустақил бўлим пайдо бўлди. Унда Кенгашнинг келажак вазифаси ҳақида асосий тамойиллар қамраб олинган.
Масалан, Конституциянинг янги таҳриридаги VI бўлим «Қозоғистон Халқ Кенгаши» деб аталади. Ундаги 70-моддада Кенгашнинг мазмуни айтилган бўлса, 71-моддада «Қозоғистон Халқ Кенгаши» Қурултойга қонун лойиҳаларини киритиши мумкинлиги аниқ кўрсатилган.
Бундан ташқари, 60 ва 92-моддаларда янги институтнинг қонун чиқариш ташаббусини амалга ошириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.
Энг муҳими, бунгача бирон-бир маслаҳатчи органга берилмаган ваколат – референдум ўтказишни таклиф қилиш Кенгашнинг ҳуқуқига қўшилди: 71-моддада ёзилган.
Мажилис депутати Мақсат Толиқбайнинг айтишича, Конституциядаги ўзгариш орқали Халқ кенгашининг аҳамияти ошади. У янги сиёсий майдонга, давлат қарорларига таъсир кўрсатадиган марказга айланади.
– Бу – халқнинг фикрини давлат қарор қабул қилиш жараёнига тизимли киритишга мўлжалланган сиёсий институт. Яъни, олий даражадаги консультатив органнинг аъзоси бўлган ҳар қандай Қозоғистон фуқароси қонун чиқариш ташаббусини кўтариши мумкин. Бу – фуқароларга берилган аниқ конституциявий имконият, – деди депутат.
Жаҳон тажрибаси
Консультатив органнинг махсус мақом олиши давлат бошқаруви тузилмасидаги муҳим воқеа эканлиги шубҳасиз. Чунки бундай институт ривожланган давлатларнинг кўпчилигида мавжуд, ҳатто асосий ҳуқуқий қарорни шакллантириб туради, десак муболаға бўлмайди.
Масалан, Хитойда – Хитой Халқ сиёсий консультатив кенгаши, Нидерландияда – Давлат кенгаши (Raad van State), Францияда – Иқтисодий, ижтимоий ва экологик кенгаш, Германияда – ҳукумат қошидаги Иқтисодий мутахассислар кенгаши, Саудия Арабистонида – Консультатив кенгаш (Шўро), Қатарда – Консультатив кенгаш мавжуд. АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Мексикада бир эмас, бир неча консультатив кенгашлар фаолият юритади.
Мажилис депутати Данабек Исабекнинг фикрича, Қозоғистоннинг жаҳон тажрибасидан ўрганадиган жиҳатлари кўп.
– Маслаҳатчи органларнинг роли хорижда яққол кўринади. Масалан, Канадада қарор қабул қилиш жараёнига фуқаролик таклифларини киритиш орқали демократик назорат кучаяди. Қозоғистондаги янги Халқ кенгашининг асосий вазифаси – жамоатчилик фикрини тинглаш, таклифлар ва ташаббусларни тизимли таҳлил қилиш, уларни ҳукуматга таклиф сифатида етказиш. Ўзгариш фуқаролик жамиятини кучайтириб, қарор қабул қилиш жараёнини очиқ ва демократик йўлга солади, – дейди Данабек Исабеков.
Жамият Халқ кенгаши давлат бошқаруви мазмуни ва архитектурасини тубдан янгилайди, деб умид қилмоқда. Кўпчиликка унинг формал мақомидан кўра ҳуқуқий илгарилашга қандай таъсир кўрсатиши муҳим. Шунинг учун янги институтнинг келажагини айтилган таклифлар, қабул қилинган қонунлар ҳал қилиши шубҳасиз.