Гулнора Каримованинг яна 182 млн долларлик активлари Ўзбекистонга қайтарилади

Фото: Фото: ЎР Адлиявазирлиги

TASHKENT. Kazinform – 6 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

“Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган. Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Г.Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди”, - дейилади хабарда.

Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик траст Жамғармаси орқали қайтарилади.

Таъкидлаш лозимки, муқаддам 2022 йил 16 августда Швейцариянинг Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисидаги битим” имзоланган. Ушбу битим ноқонуний орттирилган активларни БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали Ўзбекистонга қайтариш механизми ҳамда асосий тамойиллар ва мақсадларни белгилайди.

Мазкур ишлар доирасида 2022 йил августда имзоланган биринчи битим тахминан 131 млн доллар миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтарилишини назарда тутади. Янги битим имзоланиши билан Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 млн долларга етади.

Uzbekistan Vision 2030 орқали қайтарилаётган маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. Фонд ва унинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар очиқ манбада ўзбек ва инглиз тилларида фонднинг https://www.ishonch.org/ веб-сайтида жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцария Гулнора Каримовани жиноий гуруҳга раҳбарликда айблагани ҳақида хабар берган эдик.