Шу билан бирга, грузинлар учун хорижга сафар қилиш қимматлашган. Сафарларга сарфланган харажатлар қарийб 18 фоизга ошган. Харажатларнинг энг катта қисми меҳмонхона ёки транспортга эмас, балки харидларга сарфланган.
GeoStat маълумотларига кўра, 15 ёшдан катта Грузия аҳолисининг хорижга қилган сафарлари сони 571,9 мингтани ташкил этиб, бир йил ичида 1,4 фоизга ошган.
Хорижга сафар қилаётган грузинларнинг асосий йўналишлари, аввалгидек, қўшни давлатлар бўлиб қоляпти. Биринчи ўринда Туркия — 201,1 минг марта сафар, иккинчи ўринда Арманистон — 112,9 минг марта сафар. Европа Иттифоқи давлатларига сафарлар 19,7 фоизни, Россияга — 10,7 фоизни, Озарбайжонга эса 1,7 фоизни ташкил этган.
Сафар мақсадларига назар ташласак, Грузия аҳолисининг хорижга чиқиши фақат дам олиш билан чекланмайди. Сафарларнинг қарийб 35 фоизи дўстлар ва қариндошларни зиёрат қилишга, 31,1 фоизи харид қилишга, 21 фоизи дам олиш ва рекреацияга тўғри келади. Хизмат сафарларининг улуши — 8,7 фоиз, тиббий мақсадлардаги сафарлар эса — 2,7 фоиз.
Шу ўринда саёҳатчилар харажатларининг ўсиши алоҳида эътиборга лойиқ. Уч ой давомида Грузия аҳолиси хорижда 260,9 миллион доллар сарфлаган. Бу 2025 йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 17,6 фоизга кўп. Бир сафарга тўғри келадиган ўртача харажат 16,1 фоизга ошиб, қарийб 456 долларга етган.
Саёҳатчиларнинг харидларга сарфлаган маблағи қарийб 93,3 миллион долларни ташкил этган. Бу умумий харажатларнинг 35,8 фоизига тенг. Овқат ва ичимликларга 70,2 миллион доллар, турар жой учун 37,8 миллион доллар, маҳаллий транспортга 29,2 миллион доллар сарфланган. Дам олиш, маданий ва спорт тадбирларига эса қарийб 12,4 миллион доллар кетган.
Шундай қилиб, Грузиядан чиқувчи туристик оқимнинг ўсиши сафарлар сонининг кескин кўпайиши билан эмас, балки саёҳатчилар харажатларининг ортиши билан тавсифланмоқда. Сафарлар сони 3,6 фоизга ошган бўлса, харажатлар ҳажми бундан қарийб беш баробар юқори суръатда, яъни 17,6 фоизга ўсган.
Аввалроқ Грузия олти ойда халқаро туризмдан 1,93 миллиард доллар даромад олгани ҳақида хабар берилган эди.