Германия кемалари Ўртаер денгизида 700 дан ортиқ муҳожирни қутқариб қолди
08:50, 12 Сентябрь 2022
NUR-SULTAN. Kazinform – Германиянинг учта кемаси бир неча операциялар давомида Европага боришга уринаётган Шимолий Африкадан 730 га яқин муҳожирни ўз бортига олди. Ҳозирда экипажлар Италия ёки Мальта портларига кириш учун рухсатни кутмоқда, деб хабар беради Kazinform Deutsche Welleга таяниб.
Sea-Watch 3 қутқарув кемаси экипажи жами 394 кишини ўз бортига олди. Энди улар Мальта ёки жанубий Италия портларига кириш учун рухсатни кутишмоқда.
Humanity 1 кемаси Ливия ҳудудий сувларида резина қайиқдан 25 кишини қутқарди. Кема бортида жами 208 нафар қутқарилган муҳожир бор. Уларнинг кўпчилиги жароҳат олган. Омон қолганларнинг сўзларига кўра, жароҳатлар асосан Ливиядаги зўравонлик билан боғлиқ.
129 нафар муҳожир бўлган Sea-Eye 4 ҳам портга кириш учун Мальта ёки Италия расмийларидан рухсат кутмоқда.
Италия Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, йил бошидан буён мамлакат қирғоқларига 62 800 дан ортиқ муҳожир етиб борган. Ўтган йилнинг мос даврида уларнинг сони 41 минг кишини ташкил қилган.
Фото: dw.com