Ғазо "болалар қабристонига" айланмоқда - БМТ Бош котиби
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳаво ҳужумлари кучайиб бораётган бир пайтда Ғазо сектори тезда “болалар қабристонига” айланиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Каzinform агентлиги BBCга таяниб.
Душанба куни сўзлаган Гутерреш анклавдаги вазият ҳозирда "гуманитар инқироздан кўра кўпроқ инсоният инқирози" эканлигини айтди.
“Ҳар куни юзлаб қиз ва ўғил болалар ҳалок бўлаётгани ёки яралангани хабар қилинмоқда”, – деди БМТ Бош котиби ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва Исроил ҳарбийлари жавоб зарбаларини бошлаганидан буён биринчи ой арафасида ўтказилган матбуот анжуманида.
Гутерриш яна зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Унинг сўзларини Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн танқид қилди ва у Х ижтимоий тармоғида “Уялмаяпсизми?” деб ёзди.
“Ғазо секторида 30 дан ортиқ вояга етмаганлар, жумладан, 9 ойлик чақалоқ, шунингдек, ота-онасининг совуққонлик билан ўлдирилишига гувоҳ бўлган гўдаклар ва болалар ўз хоҳишларига қарши қамоқда сақланмоқда. Ғазодаги муаммо Исроилнинг террор ташкилотини йўқ қилиш ҳаракатларида эмас, ХАМАСда”, – деди у.
Исроилнинг Ғазо секторига ҳаво ҳужумлари кучайди, Исроил ХАМАС инфратузилмасини нишонга олгани ва тинч аҳоли ўлимини минималлаштираётганини айтди.
Биньямин Нетаньяху АҚШдаги ABC News телеканалига берган интервьюсида Исроил урушлар тугаганидан кейин Ғазо секторидаги хавфсизлик учун умумий жавобгарликни ўз зиммасига олишини айтди.
Исроил ҳарбийлари душанба куни сўнгги 24 соат ичида ХАМАСнинг 450 та нишонига, жумладан, танкга қарши ракета учириш майдончаларига зарба берганини маълум қилди.
ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳаракати бошланганидан бери бу ҳудудда 10 022 киши, жумладан 4 104 бола ҳалок бўлган.
ХАМАС жангарилари Исроилда 1400 дан ортиқ одамни ўлдириб, 200 дан ортиқ одамни ўғирлаб кетганидан кейин Исроил Ғазо секторини бомбардимон қила бошлади.