Францияда иккита самолёт тўқнашиб кетди

Фото: Фото: видеодан кадр

Франция шарқидаги Сен-Дизе авиабазаси ҳудудида иккита Alpha Jet енгил самолётлари тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Ҳаво-космик кучлари баёнотига таяниб, AFP хабар берди.

Ҳодиса 25 март куни “Патрул де Франс” (Patrouille de France) учувчилар гуруҳи билан содир бўлган. Икки ҳужумчи самолётининг тўқнашуви машғулотлар пайтида юз берган, деди Франция қуролли кучлари вазири Себастьян Лекорню. Иккала учувчи ва самолётлардан бирининг йўловчиси катапульта қилишга муваффақ бўлган. Улар енгил жароҳат олган.

Маълум қилинишича, самолётлардан бири ўрмонда, иккинчиси эса маҳаллий цемент заводи ҳудудида қулаган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, корхонада ёнғин келиб чиққан, тез орада у ўчирилган. Ҳозирда авиаҳалокат сабабларини аниқлаш учун тергов ишлари давом этмоқда.