Францияда икки киши шиддатли иссиқлик оқибатида вафот этди
Францияда Европа қисми ҳудудининг деярли барчасини қамраб олган қаттиқ иссиқлик туфайли икки киши вафот этди. Бу ҳақда Франциянинг Экологик ўтиш масалалари бўйича вазири Аньес Панье-Рюнаше Парижда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
“Қаттиқ иссиқлик туфайли соғлиғининг ёмонлашиши билан бевосита боғлиқ икки ўлим ҳолати қайд этилди”, – деди у.
Яна 300 нафардан ортиқ инсонга қутқарувчиларнинг шошилинч ёрдами зарур бўлган.
Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг июни Францияда об-ҳаво кузатувлари тарихи бўйича энг иссиқ ойлардан бири бўлди — фақат 2003 йилда ўртача ҳарорат бундан юқори бўлган. 1 июль куни кузатилган иссиқлик тўлқинига тўхталар экан, у бу метеорологик ҳолатнинг энг юқори нуқтаси ортда қолганини қайд этди. Яқин кунларда мамлакатнинг шимолий ва шимолий-ғарбий ҳудудларидан бошлаб ҳарорат пасайиши кутилмоқда.
30 июнь куни Франциянинг миллий метеорология хизмати — Meteo France жуда юқори ҳарорат туфайли мамлакатнинг Европа қисмида жойлашган 16 та департаментда, жумладан Парижда ҳам 1 июль куни об-ҳаво бўйича энг юқори хавф даражасини жорий этганини эълон қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, баъзи коммуналарда ҳарорат 41 даражагача етган, Парижда эса максимал ҳарорат 39 даражани ташкил этган.