Францияда хавфли инфекция туфайли Chavegrand пишлоқлари сотувдан олиб ташланди

Фото: Фото: Canva

ASTANA. Kazinform – Францияда листериоз инфекцияси авж олгани сабабли Chavegrand брендининг бри ва камамбер каби машҳур юмшоқ пишлоқлари пештахталардан олиб ташланди, дея хабар беради Euronews.

Франция соғлиқни сақлаш агентлиги маълумотларига кўра, 34 ёшдан 95 ёшгача бўлган 21 киши пишлоқдан заҳарланган. Икки киши вафот этган.

Мутахассислар бундай ҳолатлар Chavegrand компанияси томонидан ишлаб чиқарилган пастеризацияланган сутдан тайёрланган пишлоқларни истеъмол қилиш билан боғлигини аниқладилар.

Листериоз - кам учрайдиган, бироқ ўлимга олиб келадиган бактериал инфекция. Кўпинча у ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали юқади. Дастлабки аломатлар орасида иситма, мушак оғриғи, диарея ва титроқ мавжуд. Ҳомиладор аёллар, чақалоқлар, қариялар ва иммунитети заиф одамлар хавф остида.

Франция расмийлари одамларга пишлоқни истеъмол қилмасликни, агар истеъмол қилсалар, саккиз ҳафтагача соғлиғини кузатишни маслаҳат бердилар. Агар уларда иситма, бош оғриғи ёки титроқ пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, Франциянинг 14 департаментида жазирама туфайли “қизил” огоҳлантириш даражаси эълон қилингани ҳақида хабар бергандик.