Францияда 48 соат ичида иккинчи марта электр токи ўчди

Фото: Фото: oxu.az

ASTANA. Kazinform — Франциянинг Ривьера ҳудудида 48 соат ичида иккинчи йирик электр таъминотидаги узилиш қайд этилди. Бу сафар якшанбага ўтар кечаси Ниццадаги подстанцияда содир бўлган ёнғин туфайли электр қуввати ўчирилди, деб ёзади Oxu.Az BBCга таяниб.

Дастлабки баҳоларга кўра, бу воқеа қасддан қилинган ҳаракат бўлиши мумкин. Ёнғин маҳаллий вақт билан 2:00 атрофида содир бўлган. Натижада 45 минг хонадон электр таъминотисиз қолган.

Электр узилиши Ницца аэропорти, трамвай тизими ва яқин атрофдаги Сен-Лоран-дю-Вар ва Кань-сюр-Мер шаҳарларига ҳам таъсир кўрсатди. Электр таъминоти фақат эрталаб тикланди.

Ницца мэри Кристиан Эстроси воқеани кескин қоралаб, уни “мамлакатга қарши жиноий ҳаракат” деб атади. Мэр ўринбосари Гаэль Нофри ёнғин “жиноий хусусиятга эга бўлиши мумкинлигини” айтди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, полиция воқеа жойида шина излари ва синган эшикларни аниқлаган.

Бу воқеа Каннда электр узилишидан бир кун ўтиб содир бўлган. Шу пайтда у ерда халқаро кинофестиваль бўлиб ўтаётган эди. Шунингдек, у ерда ёнғин содир бўлганлиги тахмин қилинмоқда: 160 мингга яқин уй электр таъминотисиз қолган, бир неча фильм намойишлари бекор қилинган. Фақат генераторларга ўтиш орқали фестиваль давом этиши мумкин бўлди.

Ҳозирча бу икки ҳодисанинг бир-бирига боғлиқлиги расман тасдиқланмаган.