ЕОИИ ташкил этилганидан бери Қозоғистоннинг бошқа иштирокчи давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 74 фоизга ошди

Фото:
ASTANA. Kazinform – ЕОИИ ташкил этилганидан кейинги йилларда Қозоғистоннинг бошқа иштирокчи давлатлар билан савдо айланмаси 74 фоизга, экспорт ҳажми эса 98 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Президент геосиёсий кескинликлар бутун дунёда иқтисодий вазиятга сезиларли та’сир кўрсатаётганини айтди.

«Жорий йилда халқаро молия институтлари жаҳон иқтисодиётининг ўсиш прогнозларини қарийб икки баробарга қисқартирди. Бироқ, ташқи омилларнинг босимига қарамай, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ҳамкорлигимиз ижобий суръатни кўрсатмоқда. Иштирокчи давлатлар макроиқтисодий барқарорликни сақлаб, иқтисодий ўсиш суръатларини ва ўзаро савдо ҳажмини оширмоқда. Ўз тарафимдан шуни таъкидлашни истардимки, ЕОИИ фаолияти давомида Қозоғистоннинг бошқа иштирокчи давлатлар билан савдо айланмаси 74 фоизга, экспорт ҳажми эса 98 фоизга ошган. Биз буни яхши кўрсаткич деб ҳисоблаймиз», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент таъкидлаганидек, кенг кўламли қўшма инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда, умумий хизматлар бозори шаклланмоқда, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталарнинг улуши ортиб бормоқда.

«Шу билан бирга, ҳозирги геоиқтисодий шароитда Иттифоқ салоҳиятини тўлиқ ва самарали очиш бизнинг умумий устувор вазифамиздир. Биз барча вазифаларни имкон қадар тўлиқ амалга оширишимиз керак. Очиғи, олдинда жуда кўп ишлар турибди. Гап биринчи навбатда тўртта эркинликнинг биринчиси – товарларнинг эркин ҳаракатланишини тўлиқ амалга ошириш ҳақида бормоқда. Бу ягона, тўсиқсиз бозор яратиш ва учинчи мамлакатларга товарларнинг эркин транзитини таъминлаш демакдир. Бу мақсадларга тўлиқ эришиш ҳукуматлар ва Евроосиё иқтисодий комиссияси фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайман», – деди Давлат раҳбари.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар