Эгей денгизида тез-тез содир бўладиган зилзилалар Туркия ва Греция учун хавф туғдирмоқда

Фото: Фото: Anadolu ajansı

26 январдан бери Эгей денгизида 750 дан ортиқ ер силкинишлар қайд этилгани минтақада сейсмик фаоллик юқори эканлигини кўрсатмоқда. Kazinform агентлигининг мухбири сейсмологларнинг фикриларини келтиради.

Минтақа учун жиддий хавф

750 та силкинишлар орасида энг кучлиси Рихтер шкаласи бўйича 4,9 балли зилзила бўлиб, аҳоли, маҳаллий ҳокимият ва мутахассисларни хавотирга солди. Бундай маълумотлар Туркия ҳукуматининг Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) томонидан тақдим этилган бўлиб, сўнгги кунларда содир бўлган сейсмик ҳодисалар минтақа учун жиддий хавф туғдираётганини тасдиқлади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Муғла ва Ойдин каби қирғоқбўйи сайёҳлик вилоятлари алоҳида ташвиш уйғотади. Бу ҳудудлар кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этади ва бу ерда ҳар қандай сейсмик фаоллик инсон хавфсизлиги ва инфратузилмасига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Anadolu ajansı

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған аввалроқ Эгей денгизидаги зилзилалар юзасидан баёнот бериб, табиий офатларга эртароқ тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади. 

“Маҳаллий ҳокимиятлар эндиликда бу масалага алоҳида аҳамият беришлари ва сиёсий дивидендлар ортидан қувмасдан, шаҳарни ўзгартириш лойиҳалари орқали ўзлари бошқарадиган шаҳарларни зилзилаларга тайёрлашлари кераклигини таъкидламоқчиман”, - деди Эрдоған.

Сейсмик фаолликнинг сабаблари

Маҳаллий сейсмологлар, жумладан, таниқли эксперт Нажи Гёрюр, Греция Киклади архипелагидаги Санторини оролининг энг жанубий қисмидан 25 км узоқликда жойлашган ҳудудда “катта ёрилиш” бўлиши мумкинлигини таъкидлаяпти. 

Ушбу минтақадаги геологик фаоллик, уларнинг фикрига кўра, бир вақтнинг ўзида бир нечта тектоник плиталар - Африка, Анатолия, Евросиё ва Арабистоннинг тўқнашуви натижасида юзага келиши мумкин. Бу нафақат кучли зилзилалар, балки цунамиларни ҳам келтириб чиқариши мумкин, бу эса Туркия ва Грециядаги қирғоқ шаҳарлари учун вазиятни айниқса хавотирга солади.

Санторини оролида зилзилалар кучаймоқда. Маҳаллий аҳолининг айтишича, тоғлардаги ёриқлардан тутун чиқяпти ва бу жойлардан гумбурлаган овоз эшитилади. Орол Родос оролида жойлашган бўлиб, у Туркиянинг Фетҳие шаҳридан беш соатлик паром йўлида жойлашган. Грециянинг Иос, Аморгос, Анафи ороллари ва атрофида ҳам кучли сейсмик фаоллик давом этяпти.

Фото: ntv.com.tr

 

Гёрюрнинг таъкидлашича, Эгей минтақасида сейсмик фаолликнинг ортиши тасодифий эмаслигини, унинг башоратлари эҳтимолий зилзила янада муҳимроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатяпти. Мумкин бўлган цунами, айниқса, потенциал қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳалокатли бўлиши мумкин бўлган қирғоқ сайёҳлик ҳудудлари учун хавфлидир.

Ҳукумат чоралари ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик

Ўсиб бораётган таҳдидга жавобан Туркиянинг Муғла, Измир, Ойдин, Денизли ва Маниса каби бешта Эгей вилояти ҳокимлари фавқулодда саммит эълон қилди. Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад - инфратузилмани мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолини юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрлаш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.

Эрта огоҳлантириш тизимларига, қурилиш сифатини оширишга, бино ва иншоотларнинг сейсмик бардошини таъминлашга, шунингдек, маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни зилзила ёки цунами ҳолатларида ҳаракат қилишга ўргатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳудудларда туризм иқтисодиётда асосий ўрин тутади ва ҳар қандай ноодатий ҳолатлар жиддий иқтисодий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли, мумкин бўлган офатга тайёргарлик кўриш янада муҳимроқ бўлади.

Шу билан бирга, Греция бош вазири Кириакос Мицотакис энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилди.

"Биз содир бўлиши мумкин бўлган фалокатга тайёрланяпмиз", - деди Мицотакис.

Оролда фуқаролар сони кўп. Одамларни ҳаво ва паром орқали ташиш учун қўшимча рейслар қўшилди. Грециялик сейсмология профессори Манолис Скордилиснинг айтишича, орол қирғоқларидаги фаоллик жиддий хавотирга сабаб бўляпти. Ёриқ чизиғи ҳозирда фаол ва узунлиги тахминан 30 км. 1956 йилда у 7,3 магнитудали зилзилани келтириб чиқарган. Мутахассислар цунами шаклланиши билан 7-8 магнитудали зилзила эҳтимолидан огоҳлантиряпти.

Фото: ntv.com.tr

Айни пайтда туркиялик сейсмолог Желал Шенгёр оролда Санторини вулқонининг отилиши бошланиши мумкинлигини айтди.

Туризм ва минтақавий иқтисодиётга таъсири

Оммабоп дам олиш масканлари ва оролларни ўз ичига олган Туркиянинг Эгей минтақаси ҳар доим кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этган. Бироқ, сейсмик фаолликнинг кучайиши саёҳатчиларни хавотирга соляпти.

Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият органлари ҳудуднинг хавфсиз дам олиш маскани сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш борасида фаол иш бошлади.

Туристик жозибадорликни сақлаш, айниқса, ноаниқлик шароитида тезкор чоралар кўришни талаб этади. Фавқулодда вазиятларда чоралар кўриш ва янги объектлар қурилиши устидан назоратни кучайтириш эҳтимолий таҳдидларни минималлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Эгей денгизида январь ойи охиридан бери давом этаётган сейсмик фаоллик Туркия ва Греция учун жиддий хавф туғдиряпти. Икки давлат ҳукумати аҳоли ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий оқибатларни минималлаштириш бўйича тезкор чоралар кўриши керак.

Volcano Discovery компанияси сейсмологларининг маълумотларига кўра, сўнгги икки кун ичида 3 магнитудадан ортиқ зилзилалар умумий сони 115 фоизга ошган. Дунё сейсмологик марказлари фаоллик даражасини “жуда юқори” деб баҳолаяпти ва ҳатто уни “экстремал” даражага кўтаришга тайёр, деб ёзади EarthquakeTrack.

Фото: ntv.com.tr

Шу билан бирга, Ўрта ер денгизи ва Қора денгизлар ҳам Африка ва Евросиё литосфера плиталарининг тўқнашув зонасида жойлашган бўлиб, бу ер қобиғида қўшимча кескинликни келтириб чиқаради. 

Эслатиб ўтамиз, бундан икки йил аввал, 2023 йил 6 февралда эпицентри Қаҳраманмарашда бўлган Туркия жануби-шарқида 7 баллдан ортиқ икки марта вайронкор зилзила содир бўлган эди. Ер силкинишлар, ва уларнинг юзлаб маратлаб такроралиниши мамлакатнинг 10 вилоятида, шунингдек, қўшни давлатларда ҳам сезилган. Расмий маълумотларга кўра, Туркия жануби-шарқидаги табиий офат қурбонлари сони 50 минг кишидан ошган.